Пойабзал таъмирловчининг устахона очиши учун ер ажратиладиган бўлди

Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасида вилоят ҳокими Э.Турдимов тадбиркорларни қабул қилди.

Йил бошидан буён ўтказилган учрашувларда 1499 нафар тадбиркор мурожаат қилди. Мурожаатларнинг 1050 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 301 нафар тадбиркорга тушунтириш берилган, 90 та мурожаат рад этилган ва 58 масала юзасидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Билдирилган мурожаатлар таҳлил қилинганда, рухсатнома ва лицензия олиш учун 158, банк-молия, кредит, гаров таъминотида 332, бўш турган бинони “ноль” қийматда олиш ва аукцион савдоларида қатнашиш масаласида 74, бўш турган ер майдони ажратиш, аукцион орқали олиш бўйича 321, коммунал тизимга уланиш, архитектура ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда 101, қонунбузарлик, ноқонуний аралашув, мансаб вазифасини суиистеъмол қилишда 53, бошқа масалаларда 460 та мурожаат келиб тушган.

Бу галги учрашувда қурилишга рухсатнома бериш, миллий ҳунармандчилик ва тўқимачилик марказини очиш, ер ажратиш, фаолиятга тўсқинлик, бино олиш, кредит олиш масалаларида ёрдам сўраб мурожаат қилинди.

Жумладан, Самарқанд тумани Конигил маҳалласида яшовчи Кубаро Раупова маҳалласида турмуш ўртоғининг пойабзал таъмирлаш устахонаси учун қонуний тарзда ер ажратиб берилишини сўраб мурожаат қилди.

- Турмуш ўртоғим кўп йиллардан буён маҳалламиздаги устахонада пойабзал таъмирларди. У ердаги бинолар бузилишга тушгандан сўнг бошқа жойдан устахона қурди. Аммо бу устахона ҳам бузилаётганини айтишди, - дейди К.Раупова. – Оиламиз турмуш ўртоғимнинг пойабзал таъмирлаш орқали топадиган даромади ҳисобига яшайди. Шунинг учун турмуш ўртоғимга маҳалламиздаги бўш майдондан қонуний тарзда ер ажратиб беришда ёрдам сўраб келгандим. Бугуннинг ўзида маҳалламиз идораси ёнидаги бўш ердан 50 квадрат метр ер майдони ажратиладиган бўлди.

Вилоят ҳокими ҳар бир мурожаатни эшитиб, ечими юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифалар берди.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.