Олтита мурожаат ҳал этилмай қолди. Нега?

Вилоят ҳокими Э.Турдимов шу йилнинг 18 июлига қадар 53 маротаба тадбиркорлар билан учрашув ўтказди.

Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасидан олинган маълумотга кўра, мазкур қабулларда 1695 та тадбиркорлик субъекти томонидан турли муаммоли масалалар билдиришиб, уларнинг 1203 таси (71 фоизи) ижобий ҳал этилди. 339 тасига (20 фоизи) тушунтириш, 153 тасига (9 фоизи) рад жавоби берилди.

Вилоят ҳокими шу йилнинг 5 июль куни самарқандлик тадбиркорлар билан учрашиб, вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш истиқболлари, бу борадаги муаммо ва таклифлар юзасидан ҳам фикр алмашган эди. Учрашувда беш юздан ортиқ тадбиркор иштирок этиб, мурожаатлар ижроси бўйича аниқ муддатлар белгиланган эди. Белгиланган муддат ўтганига қарамасдан Самарқанд шаҳридан 2 та, Самарқанд туманидан 1 та, Қўшработ туманидан 2 та, Булунғур туманидан 1 та мурожаат ижроси ҳамон очиқлигича қолмоқда.

Масалан, Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи тадбиркор Нилуфар Эргашева («Самарқанд ренессанс» МЧЖ) туристик хизмат кўрсатиш (тур фирма) фаолиятини амалга ошириб келмоқда. Корхона хизмат кўрсатишни экспорт қилувчи ҳисобланиб, қўшилган қиймат солиғидан озод этилган. Тадбиркор «ASIA Samarkand» меҳмонхонасига шартнома асосида жўнатилган хорижий меҳмонларга меҳмонхона томонидан ноқонуний ЈЈС ҳисоблангани, ушбу масалани қонуний кўриб чиқилишида амалий ёрдам сўраган эди. Бу вазифа вилоят адлия ва вилоят давлат солиқ бошқармалари раҳбарларига топширилганди. Аммо бу муаммо ўз ечимини топмаяпти. Иккала юридик шахс ўртасидаги молиявий муносабатларга аралашиш солиқ идоралари ваколатлари доирасига киритилмаган. Давлат солиқ бошқармаси томонидан ушбу масала юзасидан судга мурожаат қилиш тушунтирилган.

Самарқанд шаҳар Даризанжир маҳалласида яшовчи фуқаро Жамила Сафарова «Ипак йўли» савдо мажмуаси («Янги бозор») ҳудудида савдо дўкони мавжуд бўлиб, ушбу дўконнинг олд қисмида «Умар» савдо мажмуаси қурилиш қилиб, темир-бетон билан тўсиб қўйганлигини билдирган. Бу мурожаат ҳозиргача қаноатлантирилмаган. Худди шунингдек, тадбиркор Фирдавс Юнусовнинг масаласи ҳам ҳал этилмай келмоқда. Тадбиркорга Самарқанд тумани ҳокимлигининг 2017 йил 4 сентябрдаги қарорига асосан ёғоч яшиклар ва мебель ишлаб чиқариш цехи учун 0,5 гектар ер майдони ажратилган. Аммо вилоят прокурорининг 2018 йил августдаги протестига кўра, туман ҳокимининг мазкур қарори бекор қилинган. Тадбиркор компенсация тариқасида Самарқанд шаҳар ҳудудидан ер майдони ажратилиши ҳамда мебель ишлаб чиқариш биноси қуришни амалга оширишда ёрдам сўраб мурожаат қилганди.

Қўшработ тумани «Қўшработ узумлари» фермер хўжалигига узумчилик учун 5 гектар ер ажратилган бўлиб, 2018 йил июнь ойида туман ҳудудий ер тузувчиси ходими томонидан мазкур ер майдони ноқонуний равишда ижара шартномаси тузилиб, «Оқтепасой жилоси» фермер хўжалигига берилган. Тадбиркор Санобар Тўраева ушбу масалани қонуний йўл билан ҳал қилиб беришда амалий ёрдам сўраганди. Афсуски, бу мурожаат ҳам ўз ечимини топмаган.

Булунғур туманидан Беҳзод Юлдашев («Хуррамбек» МЧЖ) Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш мақсадида биоҳожатхона қуриш учун ер майдони ажратиш бўйича жорий йилнинг февраль ойида Булунғур тумани ҳокимлигига мурожаат қилгани, керакли ҳужжатлар расмийлаштирилиб ҳокимликка тақдим этилгани, аммо ушбу масала ҳамон ечимини топмаётганини билдирган эди. Қабулда бу масалани ҳал этиш юзасидан туман ҳокимлиги ва мутасаддиларга кўрсатмалар берилганига қарамасдан ижро адо этилмай қолмоқда.

Бугун мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити, тадбиркорларнинг эркин ва самарали ишлаши учун шароит яратмай давлат тараққиётини тасаввур қилиш қийин. Шундай экан, ҳокимликлар, мутасадди раҳбарлар тадбиркорлар мурожаатларига эътиборли бўлишлари, уларга қулай иш шароитлари яратиб беришга жиддий ёндашишлари талаб этилади.

Адҳам ҲАЙИТОВ.