Бузилган дўкон учун ажратилган ер тадбиркорда қолди
Душанба - тадбиркорлар куни муносабати билан Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг тор доирада тадбиркорлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Ҳафта бошида фаолиятга тўсиқ бўлаётган турли масалалар юзасидан 22 нафар тадбиркорлик субъекти мурожаат қилган бўлса, қабулгача аксарият масалаларга тегишли мутасаддилар томонидан ечим топилди.
Бугун ўтказилган қабулда эса ер ажратиш ва бажарилган хизматларни молиялаштиришнинг кечикаётганлиги юзасидан уч нафар тадбиркор мурожаат қилди. Жумладан, Жомбой тумани Шодлик маҳалласида яшовчи якка тартибдаги тадбиркор Актам Маҳмудов «Жомбой деҳқон бозори» ҳудудидаги иккита савдо дўкони бузилишга тушгач, туман ҳокимининг 2018 йил 23 октябрдаги қарори билан тадбиркорга дўкон қуриш учун ер ажратилганини, аммо қурилиш ишлари якунига етмасдан қарор бекор қилиниши тўғрисида унга огоҳлантириш хати берилгани, бу борада кўмак зарурлигини сўради.
- Бозор реконструкцияси туфайли дўконларимиз бузилгач, бизга бошқа жойдан ер берилди, - дейди А.Маҳмудов. - Бунга рози бўлдик. Аммо кўп ўтмасдан қарор бекор қилинишини айтишди. Шу масала юзасидан туман ҳокимлигига бир неча маротаба мурожаат қилиб, муаммога ечим тополмадик. Шу боис бугун вилоят ҳокимига мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Вилоят ҳокими мурожаатимни ўрганиб чиқиб, масалага ижобий ечим топди.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.