Пресс-тур: Ўзбекистондаги ягона марказ, Регистондаги илк SOS тугмаси, осойишталик қаҳрамонлари
Вилоят ички ишлар бошқармаси биноси капитал реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Замонавий талаблар асосида бунёд этилган бинодаги илк катта тадбир тизимда ишлаган фахрийларни қутлаш, бевақт ҳалок бўлган ходимлар оилаларига эътибор кўрсатиш, вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ходимларига ушбу бинодаги шарт-шароитларни таништириш жараёнига уланиб кетди.
Бинога киришингиз биланоқ хавфсиз туризм хизмати ходимлари учун ажратилган электромобиллар хизматга шайлигига гувоҳ бўласиз. Ички ишлар тизими ходимларига қўйиладиган асосий талаб тартиб ва интизом бўлганидек, бошқарма ҳовлисидаги экину гуллар ҳам шу тартиб асосида парваришланганини кўришингиз мумкин. Бирорта ортиқча дарахт шохчаси ёки тартиб билан экилган гулларнинг сарғайган барги йўқ. Ходимлар сафланиши учун ташкил этилган майдонни Амир Темурнинг салобатли бюсти безаб турибди. Унинг ёнгинасидаги кичик бир ҳудудда хотира бурчаги ташкил этилган.
Жиноятчилар тиғидан ҳалок бўлганлар мудом ёдда
Мотамсаро она монументи ёнида мустақиллик йилларида ички ишлар тизимида ишлаб, жиноятчилар тиғидан ҳалок бўлган ходимлар портретлари илинган. Улар орасида ҳали ўттизни ҳам қораламаган навқирон йигитлар ҳам борлиги киши қалбини ларзага келтиради. Юрт осойишталиги, аҳоли хотиржамлиги учун жон берган қаҳрамонлар, дегингиз келади улар ҳақда.
- Турмуш ўртоғим жиноятчиларни тутиш пайти ҳалок бўлгани ҳақдаги хабарни эшитган даҳшатли кунни эсласам, ҳалиям қалтироқ босади, - дейди Тойлоқ туманидан келган Хуршида Исмоилова. - Турмуш ўртоғим Исматулла Ибодов ўша пайтда ўттиз, мен эса бор йўғи 24 ёшда эдим. Икки норасида қизим, ҳали туғилмаган гўдак билан бева қолдим. Бунинг азобини сўз билан ифодалаб беролмасам керак. Қон-қариндошлар, давлатимиз доим қўллаб-қувватлаб турди. Хизмат пайти вафот этган ходимлар фарзандлари учун яратилган имкониятлардан фойдаланиб, ҳозир икки қизим ҳам ички ишлар тизимида фаолият кўрсатаяпти. Қизларимнинг камоли менга таскин беради.
Хотира бурчагида боласини эрта йўқотган оналар, турмуш ўртоғидан айрилган рафиқалар, отаси дийдорига тўймай қолган болалар суратларга тикилади, пойига гуллар қўяди. Бу кўзларда мунг бор, унутилмас хотиралар, аччиқ аламлар бор.
Айбланувчилар учун интернет тармоғи
ИИБ биносининг хизмат бўлимлари билан танишиш асносида замонавийлик, юқори даражали технологиялар билан таъминланганликка гувоҳ бўлдик. Тергов бўлимида айбланувчилар учун ташкил этилган «Ҳуқуқ бурчаги»да айбланувчилар ўз ҳақ ҳуқуқлари баён этилган адабиётлар билан танишишлари, йирик экранда эса интернет хизматидан фойдаланишлари мумкин экан.
Жиноятлар 230 тага камайди
- Президентимизнинг 2017 йил 12 апрелдаги “Ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси маъмурий ҳудудида қисқа вақт ичида Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди, - дейди вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник А.Тошпўлатов. - Ушбу бино ҳозирги замон талаблари асосида, ривожланган давлатларнинг бинолари билан рақобатлаша оладиган тарзда бунёд этилди.
Алоҳида қайд этиш жоизки, жиноятчиликни жиловлаш борасида олиб борилаётган самарали чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида умумий жиноятлар 230 тага ёки 28,15 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 186 тага ёки 34,5 фоизга камайишига эришилди.
Регистон майдонига SOS тугмаси ўрнатилган
Самарқанд шаҳрида республикада ягона бўлган “Ситуацион марказ” вилоят ички ишлар бошқармаси Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси учун қурилган янги бинода жойлашган.
- Ушбу тизимга бугунги кунда Самарқанд шаҳридаги мавжуд 4 мингдан ортиқ видео кузатув камераларидан 1100 дан ортиғи геоинформацион тизимга тўғридан тўғри уланган, - дейди бошқарма матбуот хизмати раҳбари Ш. Норматова. - Содир этилган жиноятни иссиқ изидан очиш мақсадида тизимга барча профилактик ҳисобда турувчи шахслар тўғрисида маълумотлар киритилган.
Жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқароларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш мақсадида синов тариқасида Регистон майдонига SOS тугмаси ўрнатилган.
Бугунги кунларда маҳаллий дастурчиларимиз томонидан яратилган видео тасвир орқали одам юзини аниқлаш тизими интеграция қилиниб, синов тариқасида Темир йўл вокзали, Аэропорт, Регистон майдони, Сиёб бозори, Улуғбек автобекатига ўрнатилиб, назоратга олинди.
Шунингдек, тизим орқали йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда куч воситаларини бошқариш учун шаҳримизнинг асосий кириб чиқиш йўллари орқали ўтувчи транспорт оқимини аниқлаш, тўртта чорраҳада йўл ҳаракати қоидалари бузилишини аниқловчи тизим тест режимида ишламоқда.
Ички ишлар бошқармасининг ўз студияси бор
Шунингдек, бошқармада замонавий пресс марказ ташкил этилгани мухбирлар эътиборини тортди. Марказ нафақат замонавий жиҳозлар билан таъминланган, балки ўз студиясига ҳам эга. Бу ерда ҳар ҳафта «Жиноят ҳақиқати ва адолати» рубрикаси остида кўрсатувлар ташкил этилади. Жиноятларнинг олдини олиш, аҳоли огоҳлигини таъминлашга қаратилган кўрсатувлар Самарқанд телевидениеси орқали ҳафтада уч маротаба эфирга узатилиши йўлга қўйилган.
Гулруҳ МЎМИНОВА.