Президент вазирлик ва ҳокимликлар ишидаги муаммоларни таҳлил қилди

Ҳар бир тумандаги 40 дан зиёд ташкилотда ўртача 500 нафар ходим ишлайди. Уларнинг вилоятда идораси ҳам, бошлиғи ҳам бор. Айрим туман ташкилотлари оддий-оддий масалаларни ҳал қилиш учун вилоятдан, улар эса республикадан рухсат олиши керак.
Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топиш юзасидан ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида айтилди.
- Масалан, Қумқўрғон марказидаги темир йўлида ҳар куни 20 марта ёпиладиган “шлагбаум” 200 метр нарига кўчирилса, 8 минг автомобиль учун тирбандлик йўқолади, - деди Президент. - Лекин, бунга на туман, на вилоят ҳокимини ваколати бор. “Ўзбекистон темир йўллари”дан рухсат олиш керак.
Ёки “Термиз-Сариосиё” темир йўлининг ярми электрлашмагани учун электровоз 1,5 соат сарфлайдиган манзилга тепловозлар 3 соатда бораяпти. Шу боис, кўпчилик автомобилда ҳаракатланмоқда.
Туман ҳокимлари ва аҳоли таклифларини эшитиб, бу йўналишни охиригача электрга ўтказса, 10 та туманни Термиз билан хавфсиз боғлаш мумкин, лекин транспорт вазири И.Маҳкамов, “Ўзбекистон темир йўллари” раиси З.Нарзуллаев бунга лоқайдлиги кўрсатиб ўтилди.