Президент видеоселектор йиғилишига маҳалла раислари нега таклиф этилди?
Президент раислигида 18 июлда ўтказилган видеоселектор йиғилишига маҳалла раислари, хотин-қизлар фаоллари ва ёшлар етакчилари қатнашиши талаб этилди.Тўрт соатдан кўпроқ вақтим кетганидан афсусланмайман. Аммо ачинарлиси шу бўлдики, Самарқанд шаҳридаги Концерт залида йиғилганларнинг бир қисми нега улар таклиф этилганлиги, йиғилишда нималар ҳақида гапирилганлигини англамади, вақтини беҳуда ўтказди.
Нега дейсизми? Мен биринчи қаторда ўтирганим боис видеокамера ёрдамида олинган ва йиғилиш қатнашчилари ухлаётгани кўрсатилган тасвирлар шаҳар раҳбариятига келиб турганини кўрдим. Айримлар гаплашиб ҳам ўтирди. Орқа қаторлардан хотин-қизлар фаолларининг ўзаро гап-сўзлари, колбаса-ю сосиска ва бошқа егуликлар ҳақидаги баҳслари қулоққа чалиниб турди.
Йиғилиш тугагач, шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров бундай жиддий муаммо кўриб чиқилаётган йиғилишда ухлаш ёки гаплашиб ўтириш одамга ярашмаслигини, шунча вақт сарфлагандан сўнг тадбирдан нимадир олиш, янгилик ва муаммолар ечими ҳақида маҳаллаларда аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш лозимлиги ҳақида қисқача ўз хулосаларини билдирди.
Буни қарангки, шу вақтда ҳам залда гаплашиб ёки кулиб ўтирганлар бўлди. Бунинг учун ҳоким хотин-қизлар фаолларидан бирига танбеҳ беришга улгурмасдан бошқа бир маҳалланинг ёшлар етакчисини кулиб ўтиргани учун ўрнидан турғизиб, залдан чиқариб юборишга мажбур бўлди.
Бу – шу кунлардаги айрим маҳалла раислари, хотин-қизлар фаоллари ва ёшлар етакчиларининг савияси ва маданият даражасини кўрсатиб турибди. Гап шундаки, йиғилишда маҳалла ходимлари учун фойдали гаплар кўп бўлди. Мен ўзим ундан нима олдим? Нега йиғилиш биз учун фойдали бўлди?
Кейинги пайтда дунёда озиқ-овқат танқислиги муаммоси кучайиб бораётганлиги давлатимиз томонидан таҳлил қилинаётганлиги ва муаммони ечиш учун ҳаракат қилинаётганлигига гувоҳ бўлдим.
Бизда аҳоли даромадининг 40-50 фоизи озиқ-овқат маҳсулотларига сарфланиши боис нархлар ўсиб бораётган бир шароитда ушбу даромад манбаи топиш ва уни кўпайтириш йўллари изланмоқда.
Озиқ-овқат танқислиги билан боғлиқ хавф-хатарларнинг аҳолимизга таъсирини юмшатиш бўйича ҳар бир маҳалла, туман, вилоят даражасида аниқ ҳисоб-китоб ва чора-тадбирлар қилиниши кераклигини уқтириб, давлатимиз раҳбари “бунинг учун барча имкониятларни яратиб берганмиз”, деди.
Ш.Мирзиёев “Темир дафтар” ёки “Аёллар дафтари”га киритилганларга ер бериб, уларни дафтардан чиқариш хатолиги, улар камида бир йил "дафтар"ларда туриши, ердан фойдаланиб, даромад олганидан кейин "дафтар"дан чиқариш кераклигини таъкидлади. Бу топшириқнинг маҳалла ходимлари учун муҳимлиги шундаки, секторлар муҳтож оилаларга бир марталик ёрдам кўрсатиб, уларни дафтардан чиқаришни талаб қилаётган эди. Энди бу ҳолат ўзгарса керак?
Видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, бундан буён йиғилиш ва қарорларни камайтириб, ижро ва аҳоли муаммолари бўйича ишлайдиган тизим яратилади. “Олдимизда ҳали энг қийин ва оғир ислоҳотлар турибди. Ҳамма ўзгариши керак, иш услубларини ҳам ўзгартириши керак”, деди Президент.
Энди Халқ қабулхоналари иши ҳам тубдан ўзгарадиган бўлди. Барча мурожаатларни маҳаллаларга чиқиб тинглаш ва жойида ҳал қилиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбарининг баландпарвоз гаплар, мақтовлар керак эмас, муаммолар ҳақида гапиринглар деб уқтиришига қарамасдан, айрим ҳокиму вазирлар эски касалидан қутула олмасдан мақтов сўзларини ҳам ишлатди, улардан бири чиқишининг ҳар жумласида “муҳтарам президент” дейишдан ўзини тиёлмади. Масалан, чиқишида 20 та жумла ишлатган бўлса, шунча марта ана шу сўзни такрорлади.
Президентнинг йиғилиш охирида айтган сўзларидан хулоса қиладиган бўлсак, олдинда бизни катта ўзгаришлар кутмоқда.
Тошпўлат Раҳматуллаев.