Президентимизнинг "Мен нафақат ўзбек халқининг, балки қорақалпоқ халқининг ҳам фарзандиман", дегани бу ерлик тенгдошларим учун юксак эътироф
1 июль куни Нукус шаҳрида тўсатдан агрессия унсурлари мавжуд бўлган ноқонуний намойишлар уюштирилгани ҳақида ижтимоий тармоқлардан ўқиб қолдим. Бузғунчи гуруҳлар ва провокаторлар йиғилган фуқаролар билан аралашиб, маъмурий бинолар мажмуасидаги давлат муассасаларини эгаллаб олишга урингани хунук ҳолат.
Ақли-ҳуши жойида одам бу ишлар ортида Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришга уринилаётганини англайди.
Бу жараёнларга билиб-билмай аралашиб қолаётган тенгдошларимга провокацион тўлқинлар, бузуқ ниятли кимсаларнинг ғайри ҳаракатларидан огоҳ бўлишга, уларнинг нишонига айланиб қолмасликка чақираман.
Кейинги йилларда Қорақалпоғистонда қанчалик ўзгаришлар бўлганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу ҳақда Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда Тошкентдаги "Янги Ўзбекистон" боғида Ёшлар кунига бағишланган тантанадаги нутқида алоҳида таъкидлади: "Қорақалпоғистонни ривожлантириш стратегияси қабул қилганмиз, ҳар бир овулини ривожлантириш учун алоҳида маблағ ажратганмиз.
5 йил олдин Мўйноқ ва Бўзатов қанақа эди? Ҳозир Бўзатов ёшлари билан учрашдим, қўшиқ айтдим. Бўзатов Ўзбекистоннинг маданий ўчоғи, маданий маркази бўлди. Танти қорақалпоқ халқини юрагимдан эъзозлайман".
Шу билан бирга "Ғурур билан айтаманки, мен нафақат ўзбек халқининг, балки қорақалпоқ халқининг ҳам фарзандиман, деб яна бир марта такрорламоқчиман", деди.
Давлатимиз раҳбарининг бу эътирофларини сўз билан ифодалаш қийин. Унга муносиб бўлиш керак.
Мен ёш тадбиркор сифатида қорақалпоғистонлик тенгдошларимга қўлимдан келган ёрдамни беришга бел боғлаганман. Бугунги кунда корхонамизда 55 нафар ёшлар ишлайди, эркаклар кийими ишлаб чиқариш билан шуғулламиз. Шу билан бирга яқинда Нукус туманида “URGUTINI AKMANGIT TEXTILE” корхонасини ташкил этдим. Мақсадим - тенгдошларимга янада кўпроқ иш ўрни яратиш, улар билан бирга сифатли маҳсулотлар етиштириш.
Мажидхон Исломов,
Ургут туманидаги “Urgut sanoat servis” оилавий корхонаси раҳбари.