Профилактика инспекторлари иштирокида гендер тенглик бўйича тренинг ўтказилди

Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази нодавлат нотижорат маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида “Ўзбекистонда гендер тенглиги. Гендер зўравонлигига барҳам беришда ички ишлар органларининг роли ва аҳамияти” мавзусида тренинг ташкил этилди.
Тренингдан мақсад ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг хотин-қизларга нисбатан зўравонлик масалаларига йўналтирилган фаолиятини самарали ва таъсирли амалга ошириш учун гендер сиёсати ва зўравонликнинг олдини олиш чора-тадбирлари бўйича салоҳиятини оширишга қаратилган.
- Ушбу тренингда ички ишлар ходимларига мамлакатимиз ва халқаро қонунчиликда гендер тенглиги тушунчаларининг мазмун-моҳияти ва бу бўйича миллий ва халқаро қонунчилик тўғрисида маълумотлар беряпмиз, - дейди Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази тренер-эксперти Биродар Мирзаев. – Сабаби, улар зўравонликка учраган аёлларга ҳимоя ордерларини беришда ушбу ҳолат зўравонликми ёки оддий оилавий низоми, буни фарқлай олиши лозим.
Тренингда гендер зўравонликни маиший ва оилавий низодан фарқлаш кўрсаткичлари муҳокама қилиниб, зўравонликни идентификация қилиш бўйича зарур тавсиялар берилди. Унинг амалий қисми гендер ва оилавий зўравонлик муаммосининг криминоген характери ва хусусиятлари, сабаб ва жиноий оқибатлари, бунда ички ишлар ходимларининг вазифаларини бажаришда дуч келадиган муаммолар таҳлил қилинди.
Тренингда Нуробод, Паст Дарғом ва Пайариқ туманлари профилактика инспекторлари ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.