“Пулимни ким ундириб беради? Москвага учолмай қолган бир мен эмасман” 

Таҳририятимизга Пайариқ туманидан мурожаат келиб тушди. У кўпчиликнинг манфаати билан боғлиқ бўлгани учун мутасаддиларнинг эътиборига ҳавола қилишни лозим топдик.

“Ассалому алайкум, мен 2020 йил ноябрь ойида Челакдаги (Пайариқ тумани - таҳририят) авиакассадан - Артиков Хуршиддан "Самарқанд-Москва" йўналиши бўйича авиачипта олгандим, - деб ёзади Р.Мўминова. - Декабрь ойида, самолёт учишига 3 кун қолганда "Рейс бекор бўлди", деб телефон қилди”.

Мурожаатчининг ёзишича ҳамма бошоғриғи ана шундан кейин бошланган. Аниқроғи, у чипта учун тўлаган пулини ундиролмай, у эшикдан, бу эшикка сарсон бўлмоқда.

“Мен пулимни қайтаришини авиакассадан сўраганимда аввалига бугун-эртага деб алдаб юрди. Билишимча, мендан ташқари 16 киши мана шундай ҳолатга тушган экан.

Охири 2021 йил мартда Пайариқ туман ИИБга ариза билан мурожаат қилдим. Афсуски, 2021 йил август ойида ИИБ терговчиси мени чақириб, қўлимга 2021 йил 28 январдаги “Жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисида”ги қарорни тутқазди(?!) Бу иш бўйича фуқаролик судига мурожаат қиласиз, деди.

Табиийки, 2021 йил август ойида фукаролик судига давлат божи тўловларни амалга ошириб, мурожаат қилдим. Суд менинг фойдамга ҳал қилув қарори чиқарди.

Аммо мана 4-5 ойдирки, ҳеч қандай натижа йўқ.

Энг қизиғи, бизга чипта сотган йигит Челакдаги бошқа авиакассада ишламокда. Кимдир тушунтириб бера оладими, мен қандай қилиб пулимни ундира оламан. Ахир 8 миллион 201 минг 400 сўм шунчаки кўз юмиб кетадиган пул эмас-ку".