Пулни кимга беришни билмаяпсизми?

Унда тартиб-қоида ва мавжуд талабни ўрганинг

Коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида ислоҳотлар ҳал қилувчи босқичга кираётган ҳозирги вақтда юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича ишларга баҳо бериб, келгуси вазифаларни аниқ белгилаб олиш зарурлигини таъкидлади.

Ҳаракат зўр, натижа сиз-у бизга боғлиқ

Сир эмас, яқин-яқинларгача одамлар йўл ҳаракати хавсизлиги билан боғлиқ “ишини “бошқа йўллар” билан ҳал қилишига тўғри келар эди. Ўтган даврда аҳолининг йўлларда хавфсизлигини сақлаш борасида ҳам талай ишлар амалга оширилди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари боди-камера билан хизмат ўтаётгани, авторақамлар аукционда сотилаётгани, “қўл радари” ва қоғоз баённома тузиш бекор қилингани учун бу соҳада коррупция камайгани эътироф этилди.

Шу билан бирга, ҳуқуқ-тартибот идоралари асосан коррупцияни аниқлаш ва жазолаш билан ишлаб, коррупциявий омилларни таг-томири билан йўқотадиган превентив чораларни эътиборсиз қолдираётгани қайд этилди.

Хусусан, саккиз йил аввал ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти йўлга қўйилган эди. Бу тизим йиллар давомида йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиб, вазиятни ўнглаш учун барча кучларни сафарбар этишга кўмаклашди. Сўнгги йилларда ҳудудлар салоҳияти бир неча каррага ошди. Лекин кейинги пайтда прокуратура, ички ишлар ва солиқ раҳбарлари секторни баҳона қилиб, ўз соҳасидаги ишларни сусайтириб юборгани танқид қилинди.

Президентимиз Ички ишлар вазири зиммасига маҳаллалардаги ҳар бир профилактика масканларини кузатув камераси ва ҳар бир инспекторни “боди камера” билан таъминлаб, ҳуқуқбузарликларни рўйхатга олиш бўйича янги платформани ишга тушириш ҳамда жиноятларни ҳисобга олиш тизимини тўлиқ рақамлаштириш вазифасини қўйди.

Аммо тажриба шуни кўрсатмоқдаки, жараён янгича тартибда йўлга қўйилгани билан унинг иштирокчилари – сиз-у бизнинг фикримиз, дунёқарашимиз ўзгармаса бари бекор.

Мисол учун, департаментнинг Каттақўрғон шаҳар бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.Ж. фуқаро Б.Ш.нинг ишончига кириб, унга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериши учун 600 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тўғри, ҳолат бўйича жиноят иши очилган, айбдорларга тегишли жазо берилади. Лекин савол туғилади, рақамлаштирилган жараёнда инсон омили аралашолмаслигини билишмайдими?

Ҳолат фақат шундангина иборат бўлса майли эди. Яқинда вилоят имтиҳон олиш марказида 20 га яқин фуқарога танишлари орқали “права” олиб беришни ваъда қилган “азамат” ушланди.

Пенсияга чиқиш учун энди “харажат” қилмайсиз

Айтиш мумкинки, юқорида қайд қилинган каби ҳолатларга қарамасдан парламент юқори палатаси коррупциянинг олдини олиш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда.

Хусусан, олтинчи ялпи мажлисда “Аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Мазкур қонун аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган. Қонун билан аҳолига пенсия тайинлаш тизимига замонавий ахборот технологияларини фаол татбиқ этган ҳолда, давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга пенсия олиш ёшига тўлган (эркаклар 60 ёш, аёллар 55 ёш) фуқароларга ёшга доир пенсияни уларнинг алоҳида мурожаатини талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш тартибини белгилашга оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Мазкур тартиб амалиётга татбиқ этилиши натижасида фуқаролардан пенсия тайинлаш учун Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмасига ёки Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш талаб этилмайди.

Бундан ташқари, пенсия ёшига етган фуқароларга қонунчиликда белгиланган талаблар доирасида пенсия тайинлаш ҳақида қарор қабул қилинганида уларнинг телефон рақамларига пенсия тайинланганлиги ва унинг миқдори тўғрисида СМС хабар юборилади.

Қонунда, шунингдек, фуқаро пенсия ёшига етиб, аммо меҳнат фаолиятини давом эттириб, кейинроқ ёшга доир пенсия олиш истаги бўлганида, проактив шаклда тайинланган ёшга доир пенсияни рад қилиш тартибини ҳам жорий этиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, қонунга асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига барча нафақаларни тайинлаш ва тўлаш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ваколатига ўтказилгани муносабати билан “Давлат божи тўғрисида”ги ва “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунларга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қизғин муҳокамадан сўнг қонуннинг долзарблиги ва зарурлигини эътиборга олиб, у сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фикримча, белгиланаётган нормалар фуқароларга пенсия таъминоти бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини оширишга ҳамда ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилишига хизмат қилади.

Марям НИЁЗОВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.