Қаҳрамонлик мазмуни
Ҳасан Нормуродовни вилоятда каттаю кичик, ҳатто барча касб эгалари УСТОЗ деб аташади. Бу бежиз эмас, чунки отахон ҳамма билан гаплаша олади. Мулоқот услуби ҳам оддий, аввал суҳбатдошини кузатади, гапини эшитади, кўнглини билгач, кейин ўз хулосаларини айтади.
- Инсонни тарбиялаш учун унинг камчилигини юзига солиш, дакки бериш шарт эмас, - дейди Ҳасан Норбекович. – Энг мақбул йўл шахсий ибратдир.
Бу инсон мана 80 йилдирки, ана шу ақидага риоя этиб яшайди. Китоб, газета ўқимаган куни йўқ. Тағин айрим кўрсатув, мақола ёки китоб муаллифларини табриклаб қўйишга ҳам вақт топади. Муҳими, жамиятдаги воқеаларга бефарқ эмас. Ҳар бир соҳа ходимларига ишни оқилона ташкил этиш бўйича маслаҳат бера олади. Очиғи, шу ёшида вилоят ҳокимлиги қошида тузилган жамоатчилик назорати гуруҳининг раҳбари сифатида қишнинг қаҳратони-ю, ёзнинг жазирамасида ёшлар қатори маҳаллама-маҳалла юришига ҳавас қилганман. Ўзига бериладиган масъулият ва топшириқдан оғринмайди. Аксинча, “Ука, давлат шу ишни сизга ишонибдими, унга муносиб ҳаракат қилинг”, дейди.
Давлатимиз раҳбари яқинда вилоятга келганида фаоллар олдида ибратли бир хулоса айтди:
- Ҳар бир раҳбар бугун ўзига мен жамиятга нима наф келтиряпман, халқимнинг яхши яшаши учун нима қила олдим, деган саволни бера олиши керак, - деди Шавкат Мирзиёев. – Даврни тушунган, давлат сиёсатини, ўз бурчини англаган, ўз виждонига қулоқ солган, ҳалол, покиза инсонларгина ўзига бундай саволни бера олади. Мен Ҳасан Норбековични ана шундай инсон сифатида қадрлайман. Бундай одамлар ёнимда кўп бўлишини истайман.
Қаҳрамонлик гарчи, улуғ иш бўлса-да, у оддийликдан яралади. Яхши одамлар ҳалоллик ва самимият туфайли ўз улуғликларини билмай яшайдилар. Улуғликнинг мазмуни ҳам ана шу ҳислатда мужассам.
Ҳ.Нормуродов – тирик қомус. Агар дилдан суҳбатлашиб қолсангиз, у кишининг ҳаётий мулоқоти, хулосаларидан кейин ўзингизни улғайгандек ҳис этасиз. Мамлакатдаги ярим асрлик тарих ҳақида шундай мулоҳазалар билдирадики, бундан фикрингиз, тасаввурингиз теранлашади. Шу сабабли у кишининг суҳбатига ҳамма интилади.
У кишини кўп таърифлаб бўлмайди. Чунки Ҳасан ака ўз шаънига мақтовларни унча хушламайди. Аслида эл, давлат раҳбари назарига тушишнинг, Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлишнинг сабаби ҳам ана шу фазилатида.
Ҳ.Нормуродовнинг таржимаи ҳолини айтишга ҳожат йўқ. Чунки Ўзбекистондаги зиёлиман деганнинг барчаси у кишининг ҳаётини яхши билади.
Табригимиз ҳам оддий:
Ҳасан Норбекович, муносиблик муборак, фарзандлар ва шогирдлар камолини, элнинг, тўйларини кўриб яшанг!
Фармон ТОШЕВ.