Қайси ҳудудларда карантин талабларини юмшатиш бошланади?

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков бугун АОКА штабида бўлиб ўтган брифингда ушбу масала юзасидан изоҳ берди:

➖ Жорий йилнинг 29 апрелида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланиб, ижобий томонга ўзгариб бориши билан, 10 майдан кейин карантин режимини босқичма-босқич юмшатишга қаратилган ишларни жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди ва карантин талабларини босқичма-босқич юмшатишга қаратилган ишларни жадаллаштириш мақсадида Республика махсус комиссияси қарор қабул қилди.

Ушбу Қарорнинг 1-бандида республикада коронавирус инфекциясининг тарқалиш ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлили, касаллик аниқланган беморларнинг даволаниш (соғайиш) динамикаси ҳолатидан келиб чиққан ҳолда жорий этилган чекловларни босқичма-босқич бекор қилинсин, дейилган.

Бугунги кунда республикамизда касаллик умуман қайд этилмаган қишлоқлар, туманлар анча кўп, ҳатто Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида аниқланган беморларнинг барчаси соғайган.