Қайси тоифадаги пенсионерларга коммунал тўлов бўйича компенсация тўланади?
Пенсионерларга коммунал тўлов бўйича компенсация пул тўловлари тўлаб берилар экан. У кимлар (қайси тоифа пенсионерлар)га тўлаб берилади?
А.Эшонқулов,
Иштихон тумани.
Ушбу саволга Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни молиялаштириш шуъбаси мудири Ж.Музробов жавоб берди:
- Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Молия вазирининг 2015 йил 4 майдаги 38-сонли буйруғи билан бир гуруҳ пенсионерларга компенсация пул тўлови тўлаб берилади. Яъни, қуйидагилар пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 45 фоизи бўйича ойлик компенсация пул тўловлари олувчилар ҳисобланади:
- 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;
- Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари ва “Слава” орденининг учала даражаси билан мукофотланган шахслар;
- фашист концлагерларининг собиқ вояга етмаган маҳбуслари;
- Ленинград шаҳри қамали даврида ишлаган фуқаролар;
- кўриш қобилияти бўйича I гурух ногиронлари;
- Чернобиль ҳалокати оқибатидан жабрланган фуқаролар;
- Ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар.
Шу билан бирга:
- 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, уларга тенглаштирилганлардан ташқари, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 50 фоизи миқдорида;
- Иккинчи жаҳон уруши давридаги меҳнат фронти қатнашчиларига пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 25 фоиз миқдорида тўлаб берилади.