Қирғинбарот жангга гувоҳ бўлган шахс кейинчалик Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой Ҳаракатига асос солинишига сабаб бўлганди
Айни кунларда жаҳон ҳамжамияти Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой Ҳаракатининг 160 йиллигини нишонлаш бўйича турли тадбирларни амалга ошириб бормоқда.
Жорий йилда мазкур санани нишонлаш бўйича Республика тадбирлари Самарқанд шаҳрида ўтказилади.
Швейцариялик тадбиркор Анри Дюнаннинг 1859 йилнинг июнида Италиянинг шимолида кечган Австрия-Франция қирғинбарот уруши даҳшатларини тасодифий кузатувчиси бўлган. Жанг майдонларидаги ярадорларга кўрсатган ёрдами ва бу ҳақида унинг “Сольферено хотиралари” китоби 1863 йилда Швейцарияда Халқаро “Ярадорларга ёрдам кўрсатиш” ташкилоти ташкил этилишига сабаб бўлган.
Кўнгилли ҳамширалар ва тиббий-ҳарбий хизмат ходимлари учун бетараф бўлган бу ташкилот Швейцария давлат байроғини тескари рангларда – оқ фонда Қизил Хоч тимсолини қабул қилиб, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси деб номланадиган бўлган. Қисқа давр ичида Европанинг қатор мамлакатларида: 1864 йилда Бельгияда, Италияда, Францияда, Испанияда, 1865 йилда Норвегияда, Швецияда, Португалияда, 1866 йилда Швейцарияда, 1867 йилда Австрияда, Нидерландияда, Россияда ҳам бу каби жамиятлар ташкил этилиб, улар ҳам Швейцария давлати қатор йиллардан буён нейтрал мақомдан фойдаланиб келаётганлиги, бу тимсолнинг эса диний аҳамиятга эга эмаслиги сабабли Қизил Хоч тимсолини қабул қилишди.
1868 йилги Россия-Туркия урушида Туркия Қизил Хоч тимсоли ўрнига Қизил Ярим ойни қабул қилди ва бу ҳолат Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси томонидан қабул қилинди. Шундан кейин асосан аҳолиси мусулмонлар бўлган бир қатор мамлакатларда ташкил этилган бу каби жамиятлар Қизил Ярим ой тимсолини қабул қилишди. 1923 йилда Эронда ташкил этилган жамият 1980 йилда Қизил Ярим ой тимсолини қабул қилгунга қадар Қизил Шер ва Қизил Қуёш тимсолидан фойдаланиб келди. 2005 йилнинг декабрь ойидан бошлаб эса тимсол масаласидаги муаммолар пайдо бўлганлиги оқибатида Женева Конвенцияларинг Учинчи Қўшимча баённомасига асосан учинчи бир тимсол – Қизил Кристалл тимсолидан фойдаланишга рухсат берилди.
Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси - қуролли тўқнашувларда ўзининг минтақавий ваколатхоналари орқали жабрланганларга чодирлар, кўрпа-тўшак, кийим-кечаклар, озиқ-овқатлар, санитар-гигиеник воситаларни етказиб беради. Тинч даврларда халқаро инсонпарварлик ҳуқуқлари тарғиботи билан шуғулланади.
Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари Федерацияси табиий, техноген ва экологик турдаги офатларда жабрланганларга юқорида келтириб ўтилган мурувват ёрдамларини кўрсатади.
Миллий жамиятлар. Ҳаракатнинг учинчи қисми Миллий жамиятлар бўлиб, улар ҳозирги кунда жаҳоннинг 196 та мамлакатларида мавжуддир. Ҳар бир мамлакатнинг жамияти битта тимсолга эга бўлиши мумкин. Қизил Хоч, Қизил Ярим ой ва Қизил Кристалл тимсоллардан ташқари бошқа тимсолларни ишлатишга рухсат берилмайди.
Ҳаракатнинг фаолияти инсонпарварлик, холислик, бетарафлик, мустақиллик, кўнгиллилик, якка-ягоналик, умумийлик каби еттита тамойилар асосида олиб борилади.
Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти 1925 йил 14 ноябрда ташкил этилган.
Кейинги даврларда Арманистон (Спитак), Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркия, Эрон каби мамлакатларда содир бўлган кучли ер силкинишлари, кўчки, сув тошқинлари каби табиий офатларда Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти салмоқли миқдордаги инсонпарварлик ёрдамларини кўрсатиб келмоқда. Жумладан, жорий йилнинг февраль ойида Туркияда содир бўлган ҳалокатли зилзиладан зарар кўрган аҳоли учун Туркияга махсус рейсда йиғиладиган каравотлар, чодирлар, ошхона жиҳозлари тўпламлари, кўрпа-тўшак тўпламлари, оилавий гигиена тўпламлари, жами деярли 200 миллион сўмлик мурувват ёрдамларини жўнатди.
1992 йил 28 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти «Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти тўғрисида»ги Фармонга имзо чекди.
1995 йил декабр ойида Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти Халкаро Федерациянинг 165-аъзоси этиб қабул килинди. Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти Халкаро Федерациянинг фавкулодда вазиятлар бўйича Комиссияси аъзосидир.
Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
- фавқулодда вазиятларга тайёрланиш, офатларда жабрланганларга ва муҳтож кишилар ҳамда кўп болалик кам таъминланган оилаларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш, аҳолини биринчи тиббий ёрдам кўрсатишга ўқитиш;
- жамият ғамхўрлигидагиларга ва аҳолининг бошқа заиф табакаларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш;
- ёшлар ҳаракатини ривожлантириш ва жамият ишларида қатнашишга ёшларни (волонтерларни) жалб этиш;
- Халқаро Инсонпарварлик Ҳуқуқлари (Женева Конвенцияларини) тарғиб этиш;
- Қидирув хизмати.
Ана шу йўналишларда фаолият олиб бораётган Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг Самарқанд вилоят ташкилоти томонидан ҳам аҳолини ижтимоий ҳимоялашда давлат органларига салмоқли равишда кўмак кўрсатилиб келинмоқда. Жумладан, охирги 3 йил мобайнида Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари Федерацияси билан ҳамкорликдаги “Марказий Осиё давлатларида маҳаллий даражада табиий офатлар хавфини камайтириш орқали маҳаллалар барқарорлигини кучайтириш” лойиҳаси бўйича Самарқанд шаҳри, Жомбой, Каттақўрғон, Самарқанд, Ургут туманларидаги фавқулодда ҳолатлар содир бўлиши эҳтимоли кўпроқ бўлган 20 та маҳалла ва уларнинг ҳудудларидаги мактабларда фавқулодда вазиятларда қутқариш ва биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича ўқув ва амалий машғулотлар ўтказилди ва ушбу маҳалла ва мактабларга 141 миллион сўмдан ортиқ миқдорида фавқулодда вазиятларда фойдаланиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва жиҳозлар етказиб берилди ҳамда жойларда улардан фойдаланиш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилган.
Витлоятда ташкилот томонидан мунтазам инсонпарварлик акциялари щтказиб келинади. Жумладан, коронавирус пандемияси муносабати билан эълон қилинган карантин даврида озиқ-овқат ва пул маблағлари билан кўрсатилган моддий ёрдамлар миқдори жами 552 миллион 120 минг сўмни ташкил этган. Шундан коронавирус оқибатларини бартараф этиш учун дастур асосида 584 нафар кишиларнинг пластик карточкаларига ўтказиб берилган маблағнинг умумий миқдори 328 миллион сўмдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг жамоат фондидан ютиб олинган “Раҳм-шафқат хизмати” грант маблағлари ҳисобидан 20 (йигирма) миллион сўм миқдорида ногиронлик аравачалари, танометрлар, қўлтиқтаёқлар, ходуноклар, ҳассалар ва бошқа буюмлардан иборат реабилитацион жиҳозлар ва санитар гигиеник воситалар – жами 25 номдаги инвентарлар харид қилинди. Ҳозирги кунда бу жиҳозлар мурожаат этган кишиларга бепул маълум вақтда фойдаланишлари учун ижарага берилмоқда.
Кексаларни ва имконияти чекланган шахсларни парваришловчи ходимларни тайёрлаш бўйича ўқув курслари ташкил этилиб, уларда 575 нафар кишилар фавқулодда ҳолатларда биринчи ёрдам кўрсатиш асосларига ўргатилдилар ва сертификатлар олдилар.
***
Бугун Самарқандда ҳам ташкилотнинг 160 йиллиги нишонланди. "Ёшлар маркази" биносида Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой Ҳаракатининг 160 йиллигига бағишланган республика юбилей тадбири ўтказилди. Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти Бош котиби Элмира Амиралиева, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси минтақавий ваколатхонаси раҳбар ўринбосари Жак Барберис ва бошқалар иштирок этган тадбирда жамиятнинг бир гуруҳ фахрийлари, ҳамкорлари, ходимлари ва кўнгиллиларига ташаккурнома ва фахрий ёрлиқлари топширди.
Мунира Арипова,
Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти
Самарқанд вилоят ташкилотининг раиси.