Қирғизистонда лотин алифбосига ўтиш таклиф қилинди
Қирғизистон парламенти депутатлари Эмиль Токтошев ва Камила Талиева чоршанба куни бўлиб ўтган учрашувда қирғиз тилини лотин алифбосига ўтказишни таклиф қилишди, уларнинг фикрича, бу тилни сақлаб қолишга ёрдам беради.
“Ҳақиқий ислоҳот ўтказиш, тилимизни асраб-авайлаш учун лотин алифбосига ўтиш зарур”, деди депутат Токтошев парламентнинг “Қирғизистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида.
Унинг ҳамкасби Талиева бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, буни анча олдин қилиш кераклигини таъкидлади.
"Агар лотин алифбосига ўтиш бўйича “сиёсий” қарор қабул қилинса, филолог ва тилшунос олимлар бу жараённи бошлашга тайёр", дея жавоб берди депутатларга Давлат тили миллий комиссияси раиси Канибек Осмоналиев.
“Бу масала 1993 йилда ҳам кўтарилган, бироқ ўшанда ўтиш бўйича ҳеч қандай сиёсий қарор қабул қилинмаган. Бугунги кунда олти туркийзабон давлатдан фақат Қирғизистон кирилл алифбосидан фойдаланади”, — деди Осмоналиев.
Муҳокама якунлари бўйича “Қирғизистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди. Бу деярли барча фаолият соҳаларида ҳужжат юритишда қирғиз тилидан мажбурий фойдаланишни назарда тутади. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасидан қонун лойиҳаси ташаббускорларининг фикрича, расмий рус тили таҳқирланмайди ва ундан захира тил сифатида ҳам фойдаланиш мумкин.