Қишлоқ хўжалигида кўрсаткичлар қандай?
Кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида салмоқли натижаларга эришилмоқда. Шу маънода барча тармоқларда мўл ҳосил етиштириб, аввалги йилларга нисбатан юқори марраларга эришишда деҳқонларимизнинг матонатли меҳнати таҳсинга лойиқ.
Мисол учун, вилоятимиз деҳқонлари томонидан 713 минг тонна ғалла, 274,1 минг тонна пахта, қарийб 2 млн. тонна сабзавотлар, 760 минг тонна картошка, 172 минг тонна полиз маҳсулотлари, 388 минг тонна мевалар, 637 минг тонна узум, 3,3 минг тонна пилла, 338 минг тонна гўшт ҳамда 1,5 млн. тонна сут тайёрланди.
Ҳозирги вақтда дунё миқёсида озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқариш долзарб масала бўлиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун иқтисодиётимизни, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация қилиш ва озиқ-овқат экинларини етиштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Ерни ҳақиқий эгасига бериш, айниқса, маҳсулот етиштиришдан тортиб, уни сотишгача бўлган агробизнеснинг яхлит занжирини ўз ичига қамраб олган кластер модели ва кооперация тизимини тўлиқ яратиш чоралари кўрилмоқда. Бу борада Президентимизнинг пахта ва ғалла майдонларини қисқартириб, деҳқончилик қилиш учун аҳолига ажратиб бериш тўғрисидаги қарори аҳолини бандлигини таъминлаш ҳамда уларнинг даромадини оширишга хизмат қилмоқда.
Вилоятимизда ҳам жорий йилда 19 минг нафар фуқарога 7,5 минг гектар ер ажратиб берилди ва келгуси йил ҳам 16 минг аҳолига 6,1 минг гектар ер ажратиб берилади. Натижада 97 минг нафар фуқаро доимий ва 79 минг киши мавсумий иш ва даромад манбаига эга бўлади.
Шу ўринда соҳадаги айрим рақамларга эътибор қаратсак.
Бугунги кунда жами 45 та кластер, жумладан 12 та пахта-тўқимачилик, 13 та ғаллачилик, 13 та мева-сабзавотчилик, 6 та картошкачилик ва 1 та доривор ўсимликларни етиштирувчи кластерлар фаолияти йўлга қўйилиб, уларга 200 минг гектар ер майдони бириктириб берилган.
Пахтачиликда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида жорий мавсумда улкан натижалар қайд этилди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Зеро, вилоятимиз деҳқон ва фермерлари жорий йилда пахта етиштириш шартномавий режасини республикада биринчилардан бўлиб бажарди. Пахтачиликда ўртача ҳосилдорлик гектаридан 37,5 центнерни ташкил этгани ҳам деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнатлари туфайлидир.
Бошоқли дон етиштиришда рағбатлантириш тизими жорий этилгани ижобий самара бермоқда. Бу борада Пахтачи, Каттақўрғон, Иштихон, Нарпай, Оқдарё ва Паст Дарғом туманларида ўртача ҳосилдорлик гектаридан 72-78 центнерни ташкил этди. Энг муҳими, 449 минг тонна ғалла деҳқон ва фермерлар ихтиёрида қолдирилди.
Cўнгги йилларда мева-сабзавотчиликда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам ўз натижасини бермоқда. Ўтган давр мобайнида 173 млн. доллар қийматидаги 179 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари Россия, Хитой, Туркия, Украина, АҚШ, Польша, Германия ва Канада каби 57 давлатга экспорт қилинди.
Мева-сабзавот маҳсулотларини сифатли қайта ишлаб, ички ва ташқи бозорларга етказиб бериш бўйича жорий йилда қиймати 214 млрд. сўмлик 53,1 минг тонна қувватга эга бўлган 21 та мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш корхоналари барпо этилди.
Пиллачилик соҳасига ҳам берилаётган эътибор, ушбу соҳани жадал ривожланишига туртки бўлди. Яшириб нима қилдик, илгари пилладан йилига 4 марта ҳосил олиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди. Бундай амалиёт жорий қилиниши эвазига жорий йилда 20 млн. долларга тенг ипак ва ипак маҳсулотлари экспорт қилинди.
Жорий йилда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган умумий қиймати 1,1 трлн. сўмлик 465 та лойиҳа амалга оширилди. Шунингдек, гўшт ва сут ишлаб чиқаришга ихтисослашган 36 та йирик чорвачилик комплекслари ишга туширилди.
Экин майдонларини сув билан кафолатли таъминлаш мақсадида шу йилнинг ўзида бюджетдан 105 млрд. сўм, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун эса қарийб 13,2 млрд. сўм ёки ўтган йилгидан 2,1 баробар кўп маблағлар ажратилди.
Сувни тежаш ва ундан самарали фойдаланиш мақсадида жорий йилда 26,7 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди ва 2024 йилда ҳам 54,8 минг гектар майдонда жорий этиш режалаштирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги маълумотлари асосида тайёрланди.