"Қизил ҳудуд”дан мактублар

“14 кун карантинга олинган ҳудуд назоратида турдик. Кейин ўзимиз карантинга олиндик. Коронавирусга чалинмаган бўлсак-да, бир неча кун шундай қилишимиз лозим эди. Уйга қайтганимда ўғлимни қўлимга олишга қўрқардим. Гарчи текширувлардан ўтган бўлсам ҳам хавотир тинч қўймаётган эди... Одамларнинг кўчада бемалол юришларини кўриб, ҳайрон қоляпман. Улар ўзларини ўйлашмаса ҳам яқинлари ҳақида қайғуришмайдими?! Ўз оиласи ҳақида қайғурмаган кишидан қандай ватанпарвар чиқади?!”

Ҳарбий йигит.

****

“Ота-онамни кўрмаганимга бир ярим ой бўлди. Соғиндим. Улар ҳозир “Яшил ҳудуд”да. Вазият бироз юмшаганидан фойдаланиб, бориб келгим келади. Лекин ота-онамни ҳам, ҳамқишлоқларимни ҳам хавотирга қўйгим келмайди. Биттагина қалтис ҳаракатим сабаб яшнаб турган боғни хазонга айлатиргим йўқ. “Сабр қилишим керак, деб ўзимга ўзим кўп уқтираман. Ҳаммаси ортда қолади”.

Уйда қолган йигит.

****

“Боламизнинг жони оғриса шифохонага, дорихонага олиб чопамиз. Тезроқ тузалсин, деймиз.

Ватанни онага қиёслашади. Икки минг етти юздан ортиқ фарзанди коронавирус билан касалланган онанинг ҳолатини энди тасаввур қилаверинг...”

Қиёсиддин.

Аслиддин Мустафоев тайёрлади.