Қоғозда қолаётган ваъдалару дастурдан “тушиб қолаётган” лойиҳалар...
Электр чироғи - хонадонда ҳаётнинг, тирикликнинг белгиси. Қолаверса, бугунги замонда электр энергиясиз турмушимизни тасаввур қилиш қийин. Аммо, Самарқанд вилоятидаги айрим туманлар, маҳалла ва қишлоқларда одамлар ана шу қийин шароитга ҳам кўникишга мажбур бўлмоқда.
“Ҳар 6 ойда одамлардан пул йиғиб эски трансформаторни таъмирлаймиз...”
Оқдарё тумани “Янгиравот-2” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Қўшқўрғон қишлоғи аҳолисини қарийб 15 йилдан буён электр таъминоти тизимидаги муаммолар, симларгагина осилиб қолган қўлбола симёғочлар, эски трансформатор масаласи қийнаб келмоқда.
- Бу масалага ечим излаб бизлар мурожаат қилмаган ташкилот деярли қолмади, - дейди уй бекаси Ҳафиза Эгамбердиева. – Аммо масъуллар ҳар гал ваъда беришдан чарчашмаяпти.
Қишлоқ кўчасини кезарканмиз, чириб кетганидан қийшайиб, қулаш арафасига келиб келган қатор симёғочлар, одам қўл узатса етадиган даражада салқиб кетган симларга осиб қўйилган елим идишлару таёқчаларни кўриб ажабландик.
- Ажабланманг, кучли шамол турган пайтларда симлар бир-бирига тегиб кетмаслиги учун маҳаллий монтёрнинг маслаҳатига кўра шундай қилишга мажбур бўлдик, - дейди Мустафо Бойхўрозов. – Чунки, ҳадеб узилиб, қайта уланавериш натижасида 9 қаватли алюмин симлар айрим жойларда 5, 3 қават бўлиб қолган. Уларнинг бир-бирига тегиб кетиши натижасида юзага келаётган қисқа туташувлар эса эски трансформаторни ҳам ишдан чиқарган. Ҳар 6 ойда одамлардан пул йиғиб уни таъмирлаймиз.
“Бу муаммони биринчи марта эшитиб турибман...”
Суҳбатдошимизни тинглаб туриб, беихтиёр дарахтларнинг шохлари тегиб турган симларга кўзимиз тушди ва баъзи мулоҳазаларга бордик. Тўғри, янги трансформатор ва симёғочлар ўрнатиш ва эскирган симларни алмаштириш соҳа мутасаддиларининг бевосита вазифаси. Аммо, симларга тегиб қолган шохларни қирқиш шу ердаги одамларнинг иши эмасми? Наҳотки, бу юмушни ҳам уларга кимдир юқоридан келиб бажариб берса?
Бу муаммога ечим излаб “Оқдарё туман электр тармоқлари” корхонаси раҳбари Шавкат Хўжанов билан боғландик.
- Бу борада ҳозиргача ҳеч ким бизга мурожаат қилгани йўқ ва уни биринчи марта сизлардан эшитиб турибман, - деди у киши. – Шундай бўлса-да, эртагаёқ мутахассисларни шу қишлоққа жўнатиб, бу масалани ечишга ҳаракат қиламан. Чунки истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш бўйича бизда махсус гуруҳлар фаолият олиб бормоқда.
“...Уни ўрнатиш учун на сим, на симёғоч ва на мутахассислардан дарак бор...”
Пайариқ тумани “Томойрот” маҳалла фуқаролар йиғини Чўмичли қишлоғи аҳлини ҳам худди шу муаммо қатор йиллардан бери қийнаб келяпти. Мутасаддиларга аҳолининг қайта-қайта мурожаатларидан сўнг 2019 йилнинг бошларида бу ерга янги трансформатор олиб келинди. Аммо мана 2 йилдирки, уни ўрнатиш учун на сим, на симёғоч ва на мутахассислардан дарак бор.
– Янги трансформатор учун одамлардан қарийб 3 миллион сўмдан ортиқ пул йиғдик ва сарфладик, аммо ҳозирча уни ўрнатиб берадиган бирорта мард топилмаяпти, - дейди қишлоқ фаоли Зокир Раҳмонов. - Бу муаммо ҳақида мутасадди ташкилотларга қайта-қайта ёзавериб, айтавериб чарчадик. Соҳа мутасаддилари “Бугун, эртага қиламиз” деган жавобдан нарига ўтишмаяпти. Очиғини айтадиган бўлсак, эски трансформаторимиз 100 хўжаликка ҳам электр токи етказиб беролмаяпти. Ҳатто айрим кунлари телефон қувватлагичга ҳам ток камлик қилиб қоляпти.
- Энди нима қилишга ҳам ҳайронмиз. Халқ қабулхонасига, 10-00 “Ишонч телефони”га ҳам мурожаат қилдик, - дейди Ботир Раҳмонов. - Улар ҳам жавобини туман электр тармоқларидан олишимизни маълум қилишди. Лекин ана шу жавобдан ҳамон дарак йўқ. Айтинг-чи, биз яна қаерга мурожаат қилайлик? Нима қилсак, шу трансформатор аҳоли учун хизмат қилади? Ёки борига шукур қилиб яшайверайликми?
Худди шундай муаммога тумандаги “Эрназарқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ҳам дуч келмоқда. Бу ерда қисқа туташувлар туфайли куйиб кетган 30 дан ортиқ симёғоч бир неча йилдан бери одамларни ташвиш ва хавотирга соляпти.
- Бу муаммолардан тўлиқ хабаримиз бор, туманнинг жорий йилги ҳудудий дастурига “Эрназарқўрғон” маҳалласи ва Чўмичли қишлоғи аҳолисини электр таъминотини яхшилаш масаласи ҳам киритилган, - дейди “Пайариқ туман электр тармоқлари” корхонаси бош муҳандиси Абдуқаҳҳор Шакаров. – Кунлар исиб, дастур ижросига киришилиши билан бу масалалар албатта ўз ечимини топади.
Шу ерда савол туғилди: кунлар исиб қолганига қарийб уч ҳафта бўляпти. Қизиқ, соҳа мутасаддилари қачон дастур ижросига киришар экан?
“...Газетага ёзганингиз билан фойдаси йўқ, барибир ҳеч нарса ўзгармайди...”
Жомбой тумани “Наймантепа” маҳалласи Туркман қишлоғида яшовчи 600 га яқин хонадон ҳам айни кунларда электр таъминотидаги мунтазам узилишлардан азият чекмоқда. Муаммонинг бош сабаби эса қишлоқ аҳолисига хизмат қилиб “чарчаган”, ўтган асрнинг 70-йилларида ишлаб чиқилган ва таъмирланавериб, яроқсиз ҳолга келиб қолган трансформаторда.
– Гапнинг очиғи, бу ҳақда масъулларга айтишдан армон қолмади, - дейди меҳнат фахрийси Эркин ҳожи Омонов. - Бундан уч йилча олдин ҳам трансформатор портлаб кетганида масъуллар келиб “Яқин кунларда қишлоғингизга янги трансформатор ўрнатиб берамиз, унга супача тайёрлаб қўйинглар” деб кетишган эди. Ўша кунлардаёқ ҳашар билан супачани тайёрлаб қўйдик. Мана, 3 йилдирки, супача ҳамон бўш, трансформаторни кутиб ётибди.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Туркман қишлоғидаги яроқсиз трансформатор масаласи қарийб 15 йилдан буён кун тартибидан тушмай келади. Ҳар гал масъуллар “Жорий йилги дастурга киритилди, йил охиригача албатта ҳал бўлади” деб ваъда беради. Аммо йил охирида гўё “маблағ етишмаганлиги” ёки таъминотчи корхоналарнинг айби билан бу масала яна келгуси йилга қолдирилади. Одамлар бундай ваъдаларга кўникиб ҳам кетишган.
– Газетага ёзганингиз билан барибир фойдаси йўқ, ҳеч нарса ўзгармайди, - дейди ҳафсаласи пир бўлган Э.Омонов. – Масъуллар яна бир ваъда билан қутулиб қолишади.
Наҳотки, шундай бўлса? Наҳотки, бу борадаги ваъдабозлик тугамаса? Қолаверса, Президентимизнинг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида”ги қарорига кўра бу борадаги юмушлар 2021 йилда ниҳоясига етказилиши керак эмасми?!
Шу ва бошқа саволларга жавоб излаб “Жомбой туман электр тармоқлари” корхонаси бошлиғи Шерзод Ҳотамовга бир неча бор сим қоқдик. Аммо у кишининг телефони “доирадан ташқарида” экан.
Хуллас, Жомбойдаги Туркман қишлоғи аҳолиси янги трансформатор учун қуриб қўйган супача яна қанча вақт бўш туришини, Пайариқ туманидаги “Эрназарқўрғон” маҳалласи, Чўмичли ҳамда Оқдарё туманидаги Қўшқўрғон қишлоқларидаги муаммолар қачон барҳам топишини ҳозирча ҳеч ким аниқ билмайди. Балки бу масалага тегишли идоралардаги масъуллар ойдинлик киритишар?
Ёрмамат Рустамов.