Қўлида ҳунари бор асло хор бўлмайди

Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида вилоят адлия бошқармаси ҳамда «Ногиронлар» жамияти вилоят бўлими ҳамкорлигида ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича “Биз - биргамиз” ижтимоий лойиҳаси доирасида ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.

Кўргазмада ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган 100 турга яқин ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилди.

- Бўлимимиз қошида “Ҳумо” миллий ҳунармандчилик маркази ташкил этилган, - дейди «Ногиронлар» жамияти Ургут туман бўлими раҳбари Қосим Қодиров. – Унга ўндан зиёд ёшлар аъзо бўлган. Кўргазмага улар тайёрлаган қўғирчоқлар, юмшоқ ўйинчоқлар билан иштирок этяпмиз. Марказимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳам ҳунар ўрганади, ҳам озми-кўпми рўзғорига даромад келтиради. Улар тайёрлаган маҳсулотлар шартнома асосида мактабгача таълим муассасаларига сотилади. Бундан ташқари, тиккан миллий қўғирчоқлар ва юмшоқ ўйинчоқларни туманимиздаги зиёратгоҳлар атрофидаги дўконлар орқали харидорларга етказяпмиз. Бу маҳсулотларга хорижлик сайёҳларнинг ҳам қизиқиши катта. Мана, бугунги кўргазмада ҳам маҳсулотларимизни сайёҳлар завқ билан кузатмоқда, харид қилмоқда.

Тадбирда вилоят маданият, жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари, қатор миллий маданий марказлар томонидан концерт дастурлари ҳамда спорт мусобақалари ташкил этилди.

Тўлқин СИДДИҚОВ.