Қондаги қанд миқдорини доимий тарзда камайтириб юриш учун нималарга аҳамият бериш лозим?

ССВ ахборот хизматининг ушбу саволига Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази диабетология бўлими шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Феруза ТОҲИРОВА жавоб берди:

— Беморлар нафақат қонда қанд миқдорининг балансига, балки липидлар миқдорига, қон босимининг меъёрда бўлишига ва қоннинг қуюқлашмаслигига эътибор қаратишлари лозим.

Қондаги қанд миқдорини доимий тарзда камайтириб юриш учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш – тўғри овқатланиш, серҳаракат бўлиш, шифокор назоратида бўлиб, дори воситаларни мунтазам қабул қилиш тавсия этилади.

Кундалик рациондан енгил сингувчи углевод сақловчи маҳсулотлар (шакар, асал, ширин кондитер маҳсулотлари, мураббо, ширин ва газли ва сунъий бўёқли ичимликлар) чиқариб ташланиши керак. 

Шунингдек, нотўғри овқатланиш, камҳаракатлилик оқибатида келиб чиқадиган ортиқча вазн қандли диабетнинг асосий сабабчисидир. Боиси, касалликнинг 2-тури ривожланишига инсон танасида мушак тўқимасининг камайиб, ёғ тўқимасининг кўпайиши ҳисобланади. Аммо хасталик семиз бўлмаган инсонларда ҳам ривожланиши мумкин. 

Касалликнинг дастлабки белгилари кузатилгандаёқ шифокорга мурожаат қилиш лозим. Ҳар бир киши ўзининг танаси вазнини назорат қилиб бориши, унинг меъёрий кўрсаткичлардан ошиб кетишига йўл қўймаслиги талаб этилади. 

Агар инсонда диабетга мойиллик бўлса ва у кучли қўрқувни бошдан кечирса, бу инсонда касалликка чалиниш эҳтимоли бор. 

Сурункали давом этувчи стресс ҳолатлари, уйқусизлик, гипертония касаллиги ҳамда қандли диабет 2-турига мойил бўлганларда айрим дори препаратларини мунтазам қўлланиши (айниқса, глюкокортикоид гуруҳига кирувчи) ушбу касалликнинг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.

Меъёрдан ортиқ овқат истеъмол қилиш ва энергияни сарф қилмаслик натижасида организмда энергия баланси бузилади. Одатдагидек сарф бўлмаётган энергия организмда гликоген ва ёғлар кўринишида тўпланиб боради.

Бу жараён кучайиб боргани сари организмда инсулинга сезувчанлик камайиб боради ва бу ҳолат углеводлар алмашинувининг бузилишига олиб келади.

Яъни, қандли диабет 2-турининг пайдо бўлиши ижтимоий ҳолатга эмас, балки камҳаракатлик, носоғлом ва ортиқча овқатланишга боғлиқ.