Қонунчилик палатаси депутатлари самарқандликларнинг томорқалардан самарали фойдаланишини ўрганмоқда

Жаҳон экспертларининг айтишича, коронавирус пандемияси дунё мамлакатлари иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Кўпгина таҳлилчиларнинг фикрича, озиқ-овқат тақчиллиги юзага келиши мумкин.
Шу сабаб халқимизни етарли озиқ–овқат маҳсулотлари билан таъминлаш муҳим вазифалардан бири бўлиб турибди. Албатта, ушбу жараёнларда фермер хўжаликлари билан бир қаторда томорқа ер эгаларининг ҳам ўрни бор.
Президентимиз жорий йилнинг 8 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида “Бизни ер боқади” дея таъкидлади ва томорқачиликни ривожлантириш бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб берди. Йиғилишда белгиланган вазифалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашларининг “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга кўра, Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP фракцияси раиси Актам Ҳаитов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар Самарқандда деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида баҳорги экинларни экишнинг ҳолатини ўрганмоқда.
Оқдарё туманидаги Даҳбед МФЙ да яшовчи Мунаввар Усмонова ўқитувчиликдан нафақага чиқкач, томорқачиликни йўлга қўйди. Мазкур оила 8 сотих ер майдонининг бир сотихида иссиқхона ташкил этиб, помидор етиштирмоқда. Бундан ташқари, томорқасида картошка, бодринг ва турли кўкатлар экилган. Онахон томорқачиликдан ташқари, ҳовлисида балиқчилик ва паррандачиликни ҳам йўлга қўйган.
Учрашувда А.Ҳаитов Мунаввар опанинг тажрибасини оммалаштириш кераклигини таъкидлади.
Шунингдек, депутатлар тумандаги Алишер Навоий МФЙда яшовчи Фарҳод Ширинов ва Зубайдулла Зиёдовлар оиласида ҳам бўлди. Икки қўшнининг ҳар бири 1,5 сотихли томорқаларида иссиқхона ташкил қилган. Фарҳод ака ўз иссиқхонасида бодринг, Зиёдулла ака эса помидор етиштирмоқда.
- Тан олиш керак, кейинги йилларда деҳқончиликка кўпчилигимиз аҳамият бермай қўйган эдик - дейди дейди З.Зиёдов. - Аксариятимиз енгил пул топиш йўлига ўтганимиз ҳам рост. Мен ўзим бир неча йил Россияда муҳожирликда меҳнат қилдим. Совуқларда саломатлигимни йўқотдим. Бугунги кунда уйдан чиқмай томорқамда ишлаб, муҳожирликда топган пулимдан зиёд даромад оляпман.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Наврўз Ризаев ва Ғайрат Абдиев 14 апрелдан бошлаб вилоятнинг Ургут, Тойлоқ, Жомбой, Булунғур, Пайариқ, Самарқанд туманларида аҳоли томорқаларида баҳорги экинларни экиш ҳолатини ўрганиб келишяпти.
- Ўрганишлар давомида ердан бесамар фойдаланаётган ҳамюртларимизни ҳам учратдик, - дейди Ғайрат Абдиев. - Сотихлаб томорқаларга беда, маккажўхори экинларини экиб қўйиб, ернинг умрини беҳудага ўтказаётган томорқачиларимиз ҳам борлигига гувоҳ бўлдик. Уларга томорқаларига беда, маккажўхори ўрнига, помидор, картошка, бодринг, пиёз каби сабзавотларни етиштириб, ердан самарали фойдаланса, рўзғорига қўшимча даромад келишини тушунтирдик. Томорқаларига ҳеч нарса экилмаган айрим юртдошларимизга маҳалла ва “Томорқа хизмати” МЧЖ кўмагида уруғлар ва ниҳоллар етказиб бериш йўлга қўйилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Самарқанд вилоятида томорқаларда баҳорги экин экиш ҳолатларини ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Бахтигул ҚАРШИЕВА.