Қўқонда ўтказиладиган халқаро ҳунармандчилик фестивалига Самарқанддан 61 нафар ҳунарманд боради
Шу йилнинг 21-23 сентябрь кунлари Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида II “Халқаро ҳунармандчилик фестивали” ўтказилади.
Мазкур нуфузли тадбирга моҳир ҳунармандлар ва истеъдодли ёшларни жалб қилиш мақсадида жойларда “Мен Қўқонга бораман!” шиори остида икки босқичдан иборат кўргазма ва кўрик-танловлар ташкил этилди. Уларда вилоятимиздан 61 нафар уста-ҳунарманд фестивалда иштирок этиш учун йўлланма олди.
— Фестиваль бизга фаолиятимизни янада кенгайтириб, халқаро майдонда танилиш учун ўзига хос имконият, - дейди Самарқанд туманидан миниатюра ва ранг тасвир устаси Мансур Нуриллаев. - Мисол учун, ўтган сафарги фестивалда нафақат маҳаллий, балки Мексика, Ҳиндистон, Шри-Ланка, Россия, Туркия, Испания сингари ўнлаб давлатлардан моҳир усталар ҳам иштирок этишганди. Жараёнда улар билан тажриба алмашдик, ижодий ютуқларимиз билан ўртоқлашдик. Шахсан мен Шри-Ланка, Ҳиндистон ва франциялик рассомлар билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйдим. Навбатдаги фестивалдан ҳам умидларим катта.
Фестиваль доирасида Риштон туманида “Халқаро кулолчилик форуми” ўтказилиб, унда илмий-амалий конференция, кўрик-танлов, тақдимот ва намойишлар, кўргазма-савдолар, театрлашган концерт-томоша дастурлари, маданий-маърифий ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига хос бўлган кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги, каштачилик мактабларининг таниқли усталари томонидан маҳорат дарслари ҳам ташкил этилиши белгиланган.