Қора дунёда яшаётганлар: Улар тиббий маданиятсизлик, атрофдагиларнинг қотиб қолган онги туфайлигина ўзларини бегона ҳис қилиб келмоқда
Шундай касаллик бор — биз учун фожиа, оғир дард, ривожланган жамиятларда эса бу касаллик ҳисобланмайди, ҳатто бу “дард”га учраган одамга беморлик таътили ҳам берилмайди. Улар ҳамма жойда ишлайди, ҳамма каби дўстлари бор, жамиятда ўзини эркин ва бахтли ҳис этади. Бизда эса улар бошқалардан қочади, ўзини бегона ҳис қилади...
Тиббий маданият етишмаслиги, соҳага оид билимлар йўқлиги сабабли айримлар уларга бутунлай бошқа касаллик — мохов номини ҳам тақашади. Ва улар яшаган жойлар баъзан “моховхона” ҳам дейилмоқда. Ҳолбуки, бу касаллик номи витилиго (пес) бўлиб, аслида аксарият давлатларда касаллик эмас, теридаги кичик косметологик камчилик, деб баҳоланади, ҳеч қачон бировдан бировга юқмайди ҳам.
Яқинда Самарқанддаги халқ орасида моховхона деб юритиладиган ҳудуд ҳақида хабарлар чиққач, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори, профессор, соҳа бўйича катта тажрибага эга олим Эгамберди Эшбоев таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, айни шу масала юзасидан ўзининг фикрларини билдирди.
Профессор Эгамберди Эшбоев 300 дан ортиқ илмий мақолалар, шу жумладан, бир қанча дарсликлар, "Тери ва таносил касалликлари", "Микробиология, вирусология, иммунология", "Микробиологиядан амалий машғулотлар" ҳамда "Урогенитал этиологияли реактив артритлар", "Урогенитал хламидиоз", "Улар энди борса-келмасга юборилмайди" каби монографиялар ва қатор кўлланмалар муаллифидир.
Бош лепролог сифатида Ҳиндистон, Непал, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Туркия каби чет давлатларда лепрологиянинг долзарб муаммоларига бағишланган маърузалар билан чиқишлар қилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эксперти. Олим айни масала юзасидан қуйидагича сўз бошлайди:
— Биринчидан, Самарқандда мана 50 йилдирки ҳеч қандай мохов касали йўқ, – дейди Э.Эшбоев. – Иккинчидан, қачондир топилган тақдирда ҳам ҳозирги тиббиёт олдида бу касаллик бедаво эмас. Учинчидан, витилиго, бу – мохов ҳам эмас. Самарқандда айримлар томонидан “моховхона” деб юритиладиган ҳудудда нафақат бугун, ўтмишда ҳам мохов касалига чалинганлар бўлмаган. Оддийгина тери дефекти – витилигога учраганлар яшаган, холос.
Рудакий ҳайкалини моховхонага кўчиришмоқчи, деган гапни эшитгач, сизларга боғланишга қарор қилдим. Мен ўттиз йилдан буён мохов (лепра) касалликларини аниқлаш, ташхислаш, даволаш ва профилактикаси билан шуғулланаман. Ўзбекистондаги ягона лепрологман. (Моховга чалинганларни даволовчи шифокор). Мохов касаллиги терининг юқумли касаллиги, касалликнинг манбаи бемор одам. Узоқ вақт бемор одам билан мулоқотда бўлганда касаллик юқиб қолиш эҳтимоли бор. Сил касаллигига қараганда моховнинг юқиш даражаси 100 баравар паст. Касалликни микобактериялар қўзғатади.
1895 йилдан буёғига, мана, 100 йилдан зиёд вақт ичида Самарқанд вилоятида бор-йўғи 18 нафар моховга чалинган бемор аниқланган. Буларнинг ҳам асосий қисми бошқа жойлардан кўчиб келган. Одамларнинг бу касалликдан қўрқишининг сабаби авваллари касалланган беморларни даволайдиган махсус дори-дармон бўлмаган. Шунинг учун беморларни даволашнинг бирдан бир йўли, қадимдан уларни изоляция қилиш бўлган.
Солиштириш учун, XVI-XVIII асрларда Европа давлатларида 2000 дан ортиқ моховхона бўлган. Ўзбекистонда ўтган асрда 2 та моховхона қурилган. Бутун собиқ иттифоқ ҳудуди учун 1931 йилда Самарқанд вилояти Булунғур тумани ҳудудидада қурилган. Ҳозирда бу ҳудуд Жиззах вилоятининг Бахмал туманига қарайди. 2006 йилда эса бошқа касаллик чиқмагани учун бу моховхона Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бутунлай ёпилган.
Хўш, шунча вақтдан бери мохов касаллиги аниқланмаган бўлса, улар изоляция қилинадиган жой ҳам аллақачонлар ёпилиб кетган бўлса, нима сабабдан Самарқандда аҳоли ўртасида “моховхона” деб аталадиган жой бор?
– Ўз вақтида собиқ Сиёб ва Темирйўл туманлари ҳудудида оқ доғлари бор, витилиго касалига учраган одамлар шу жойларда йиғилиб қолган, – дея сўзида давом этади Э.Эшбоев. – Тушунмаган омма авваллари уларни ҳам билмасдан четлатишган. Тушунмаслик оқибатида беморлар дискриминацияга учраган. Оқибатда оқи бор одамлар яқин бўлиб, бир ҳудудда тўпланиб, қуда-анда бўлиб кетган. Шу сабабдан моховхона деган ҳудуд пайдо бўлган. Витилиго - бу бутунлай бошқа касаллик, юқумсиз тери касаллиги бўлиб, косметик нуқсон ҳисобланади. Касалликнинг асосий белгиси оқ доғ тушиши ҳисобланади, оғримайди ҳам, сезгилар ҳам кетмайди. Лекин халқнинг асосий қисми тиббий маданият пастлиги сабабли ўзини четга олиб юришади.
Республикамизда йилига битта мохов касали аниқланмаган пайтлар ҳам бўлади. 2-3 йилда битта чиқиши мумкин. Биз уларни уйида даволаймиз. Аммо витилиго бутун дунёда жуда кўп, оддий ҳолат бўлиб қолган. Мисол учун, дунё аҳолисининг қарийб 1,5 фоизида витилиго бор ва у мутлақо хавфсиз касаллик, Европада, ҳатто Россияда ҳам буни касаллик ҳам дейишмайди.
Нима учун мохов билан витилигони ёнма-ён гапирамиз? Моховда ҳам дастлабки белгилардан биттаси танага тушган оқимтир доғ ҳисобланади. Баъзан қизғимтир бўлиши мумкин. Витилигода эса оқ доғ тушади. Моховдан нима учун қўрқишган? Сабаби, қадимда, ҳали даво топилмаган вақтларда касаллик бошланиб 6-8 йил ўтгач, беморнинг танасига турли катталикдаги тугунлар чиқади. Тугунлар оғримайди, қичимайди. Мана шу тугунлар беморнинг пешонасига қошлар, бурни атрофига, лунжи, ияклари, қулоқлари супрасига тошмалар чиқиб кетади. Оқибатда бемор юзи қўрқинчли бўлиб қолади.
Моховда беморларнинг нерв толалари ҳам зарарланади, шунинг ҳисобига қўллари, оёқлари териси оғриқни, иссиқни, босимни, қичишни сезмай қолади. Демак, нерв толаларининг зарарланиши ҳисобига сезги йўқолади. Юзлар қийшаяди, кўзлари шиллиғи оғриқни сезмайди. Натижада беморнинг афти хунуклашади. Қўллари акашак бўлиб қолади. Тинимсиз куйиш, зирапча кириш кабилар оқибатида жароҳатлар кўпайиб кетади... Аммо бунақа ҳолатдаги бемор Ўзбекистонда битта ҳам йўқ, чунки аниқланган заҳоти даволанади, давоси бор.
Витилиго эса юқорида айтилганидек, жуда оддий ҳолат бўлса-да, юқмаса, оғримаса, танага зарари етмаса-да бизда фожиа сифатида қабул қилинади. Тиббий маданият ривожланган халқларда эътибор ҳам берилмайди. Минг, минг афсуслар бўлсин, бизда ҳатто ўз жонига қасд қилганлар орасида ҳам аслида терисига оқ доғ тушгани учун шундай қилган бўлиб чиқади баъзан.
Хуллас, бу касалликдаги ягона муаммо халқнинг онги билан боғлиқ. Ҳозир олдимизда турган энг асосий масала, мана шу – витилигонинг фожиа эмаслигини тушунтириш, тиббий маданиятни ошириш, одамларга унинг оддий нарса эканини англатиш. Чунки одамлар буни фожиа деб қабул қилиши ортидан минглаб инсонлар қора дунёда яшашяпти бизда. Ҳолбуки, дунёда миллионлаб одамларда бу нуқсон бор. Ва улар жамиятдан ажратилган эмас. Шундай бўлгани ҳолда, Самарқанддек шаҳарда бир неча витилигога учраган одамлар учун, бир ҳудудни моховхона дейиш ҳудуд аҳли учун ярашмаслигини билдирмоқчи эдим.