Қорасувда "Оналар боғи" ташкил этилди

Самарқанд шаҳар Қорасув маскани Баҳодир Ялангтўш маҳалласида "Яшил макон" умуммиллий тадбирлари доирасида "Оналар боғи" ташкил этилди.

"Оналар боғи"нинг ташкил этилишида республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева, Самарқанд шаҳар хотин-қизлар бўлими бошлиғи Зебо Саидовалар қатнашди.

- Бугун мамлакатимизнинг барча маҳаллаларида кузги кўчат экиш мавсуми бошланди, - деди республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева. - Бутун дунёда иқлим ўзгариши билан боғлиқ салбий ҳолатлар кузатилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Дарахт кўчатларининг экилиши она табиатни асрашга хизмат қилади. Барпо этилаётган "Оналар боғи", албатта, ўзининг натижасини беради.

Тадбир доирасида маҳалладаги фаол аёллар ажратилган майдонга павлония кўчатларини ўтқазишди.