«Хавоси» республикада муқобили саноқли бўлган замонавий бинога кўчди

Одамлар нега норози?

Қорасувга, янги қурилиб, фойдаланишга топширилган тез тиббий ёрдам марказига ҳали бормасимданоқ баъзи эътирозларни эшита бошладим.

- Тез тиббий ёрдам шаҳарнинг ичида жойлашган бўлиши керак эмасми? Нега уни бориш ноқулай, доимий равишда автомобиллар тиғиз қатнайдиган йўл орқали ўтиладиган ҳудудга қуришган ахир? «Тез ёрдам» машинаси учун Қорасувга борадиган яна бир йўл борми? Шуни очиб қўйиш керакдир балки?

Бу эътирозларни олдин ҳам эшитганим учун индамадим. Аммо бу ҳақда шифохона мутасаддиларидан, албатта, сўрашни кўнглимга тугиб қўйдим.

Хаёлан илгариги, самарқандликлар «Хавоси» деб номлашга кўникиб қолган шифохона кўз ўнгимдан ўта бошлади. Яхши биламан, у ерга боришга кўпчилик ирим қиларди. Чунки ўз номи билан вилоятдаги энг йирик, шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш шифохонаси. Бу ерга  энг оғир вазиятда келишади. Акс ҳолда...

Шифохонанинг қабул бўлимини бироз вақт кузатсангиз, бу ерга келаётган оқимнинг нечоғлик катта эканлигини тасаввур қиласиз. Кузата туриб, у ердаги шароит ҳам кўнглингизни бироз хира қиларди. Эски лифтлар, тор йўлаклар, қабул бўлимида беморларнинг кўплиги, уларнинг яқинлари учун умуман шароит йўқлиги...

Мазкур шифохонанинг Қорасув масканида янгидан бунёд этилган Республика шошилинч тиббий ёрдам бўлими бугун ташқи кўриниши, қаватлари сони билан эски «Хавоси» билан жуда ўхшаш бўлсада, аммо талайгина ўзгаришларга ҳам эга.

Қизил, сариқ, яшил йўлак нега керак?

Бу ўзгаришларни шифохонага киришдаёқ ҳис қиласиз. Беморларга илк тиббий ёрдам кўрсатилаётганда уларнинг ҳаммаси бир жойда қабул қилинмаётганини кузатасиз. Қабулхонанинг ўзи бир нечта бўлим ва хоналарга ажратилган. Бу яшил, сариқ, қизил чизиқлар орқали ажратиб қўйилган.

- Шифохона қурилиши, қаватлари билан эскисига жуда ўхшаш бўлсада, аммо кўриб турганингиздек, беморларни қабул қилиш ва уларни бизнинг талабимизга кўра, ҳар бир сониянинг қадрига етган ҳолда даволаш учун халқаро андазаларга мос шароитлар яратилган, – дейди Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали бош шифокори Толиб Ўсаров. – Тез ёрдамга келувчи беморлар уч тоифага ажратилади, яъни аҳволи ўрта, ўрта оғирликда ва жуда оғир. Аҳволи ўртача, яъни ўзлари оёқда юриб, бора оладиган, шифокорларнинг тўлиқ текширувига муҳтож беморлар яшил йўлак орқали зарур бўлимга ўтишади ва шу ерда тўлиқ кўрикдан ўтиб, зарур муолажага юборилади. Ўрта оғирликдаги беморлар учун махсус койкалар ва зарур жиҳозлар келтирилган. Яъни, улар шу ернинг ўзида тўлиқ кўрикдан ўтиб, тегишли бўлимга ўтказилади.

Ўта оғир беморлар учун шошилинч бўлим – биринчи қаватнинг ўзида жарроҳлик хонаси ташкил этилди. Бир пайтлар илк тиббий ёрдам кўрсатиш учун сониялар лозим бўлган бир пайтда шифокорлар оғир аҳволдаги беморни тўртинчи қаватга олиб чиқиши, зудлик билан жарроҳликни амалга ошириш учун эса яна бир нечта текширувларни турли хоналарда амалга ошириши лозим эди. Бу эса нафақат вақт, балки кимнингдир ҳаётини йўқотишга ҳам олиб келиши мумкин эди. Янги бинода биринчи қаватнинг ўзида энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган жарроҳлик хонасининг ташкил этилиши – бу халқаро андазаларга мос тез тиббий ёрдам хизмати кўрсатилиши демакдир.

Шу ўринда Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалининг янги биноси бўйича баъзи маълумотларни келтириб ўтсак: Самарқанд тумани Қорасув массивида жойлашган. 2019-2023 йиллар давомида 103,3 миллиард сўм буджет маблағлари ҳисобига қурилган. 330 стационар ўрин бўлиб, 45 та реанимацион койкага эга. Ойлик қатнов 10 минг нафарни ташкил этади. Шифокорлар 276 нафар бўлиб, ўрта тиббиёт ходимлари 669 нафар.

Халқаро стандартларга жавоб беради

- Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, марказимиз фаолиятини олимларнинг илмий салоҳияти билан чамбарчас боғлаб олиб боради, – дея суҳбатни давом эттиради Толиб Ўсаров. – Бугунги кунда филиалда 3 нафар тиббиёт фанлари доктори, 11 нафар тиббиёт фанлари номзоди фаолият олиб бормоқда. Уч нафар ходимимиз докторлик, икки нафари эса номзодлик иши устида ишламоқда.

Ўнлаб шифокорларимиз кейинги йилларда доимий равишда хориждаги етакчи тиббиёт муассасаларида малака ошириб келмоқда. Янги тиббий ускуналарнинг келтирилиши даволашнинг замонавий усулларидан фойдаланишни тақозо этмоқда. Бугунги кунда шифокорларимиз   йилига 12500 га яқин жарроҳлик амалиёти, шу жумладан, 5000 та кам инвазив (эндохирургик, эндоурологик, артроскопик, эндогинекология, болалар жарроҳлиги, травматологик, қон-томир ва микрохирургик жарроҳлик, торокал жарроҳлик ҳамда нейрохирургик) юқори технологик операцияларни амалга оширмоқда.

Шу ўринда бир мисолни айтиб ўтсам. Ўтган йили малака ошириш учун Германиядаги тез тиббий ёрдам шифохоналарида бўлганимизда у ердаги шарт-шароит, қисқа вақт ичида беморга сифатли ёрдам кўрсатиш хизмати нечоғлик такомиллашганига гувоҳ бўлгандик. Қанийди, бизнинг марказимизда ҳам шундай шароитлар яратилса, дея орзу қилганмиз. Буни қарангки, мана орадан кўп вақт ўтмай, худди шундай марказга эга бўлдик. Ҳеч муболағасиз айтишим мумкинки, филиалнинг ҳозирги кўриниши, ундаги шарт-шароитлар, замонавий ускуналар Германияда биз кўрган клиникадан деярли фарқ қилмайди.

Марказни айланарканмиз, у ерда энг сўнгги русумдаги замонавий жиҳозлар, айниқса, бугун кўп беморлар ташхиси учун лозим бўлган МСКТ аппаратининг сўнгги русумдагиси, яна бир рентген ускунаси ишга тушганига гувоҳ бўлдик.

Эътиборли жиҳати беморларнинг яқинлари кутишлари учун алоҳида хоналар ва шароит яратилганида. Уларнинг ҳолидан хабар олувчилар беморлар кириб келаётган эшикдан эмас, бошқа томондан киришлари учун шароит яратилган.

Эътирозларга изоҳлар

Дарвоқе, юқоридаги эътирозни ҳам билдириб ўтганимизда шундай изоҳ олдик.

- Аввало, шуни қайд этиш керакки, марказимизга мурожаат этувчиларнинг 75 фоизи вилоятнинг турли шаҳар ва туманларидан келган беморлар саналади, –  дейди Т.Ўсаров. – Яъни, мазкур ҳудуд шунчаки, ўз-ўзидан танланмаган, барча статистик рақамлар ва таҳлиллар амалга оширилгач, шундай қарорга келинган. Қорасув турли ҳудудлардан келувчи беморлар учун қулай жой ҳисобланади. Шаҳар ичида автомобилларнинг тиғиз қатнови бугун илгаригидан бир неча баробар ортган. Шу нуқтаи назардан мазкур ҳудуд беморлар келиши учун эски жойидан кўра қулайроқ ҳам. Шифохонага олиб келувчи мавжуд йўлдан фойдаланишга рухсат беришларини сўраб билдирган таклифларимиз инобатга олиниши кутилмоқда.

Яхши биласиз, шошилинч ёрдам кўрсатиш лозим бўлган беморлар шикояти асосан юрак-қон томир хасталиклари билан боғлиқ. Самарқанд шаҳрида жойлашган вилоят кардиология шифохонасида шунга ихтисослашган бир бўлимимиз фаолият кўрсатади. Яъни, агар шу турдаги хасталик билан Самарқанд шаҳри аҳли орасида чақирувлар бўлса, уларга ҳеч қийинчиликсиз шу бўлим шифокорлари тезкор хизмат кўрсатиши мумкин.

Тез тиббий ёрдам фаолиятида кейинги йилларда содир бўлган яна бир муҳим воқеани таъкидлаб ўтмасам бўлмайди. Шу йилнинг ўзида Булунғур, Ургут, Иштихон, Пахтачи туманлари тиббиёт бирлашмаларида политравма бўлимлари ташкил этилди. Турли даражада, зудлик билан тиббий муолажа талаб этадиган жароҳатлар шу ернинг ўзида бартараф этилиши учун шароит яратилган.

«Хавоси» ўрнида нима бўлади?

Ижтимоий тармоқларда шу масала юзасидан ҳам баҳс-мунозараларга кўзимиз тушди. Шаҳарнинг қоқ маркази бўлган ушбу каттагина ҳудуд уддабурон тадбиркорларга насиб этади, дея фикрловчилар ҳам йўқ эмас. Ундай эмас экан. Мутасаддиларнинг фикрига кўра, ушбу ҳудуд ўрнида ҳозирча Самарқандда мавжуд бўлмаган учта йирик тиббий-илмий марказларнинг филиаллари фаолият кўрсата бошлайди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.

***

Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.