Самарқанд шаҳар марказий шифохонасида шошилинч тез тиббий ёрдам пости ташкил этилди

- Шошилинч тез тиббий ёрдам марказини Самарқанд шаҳрининг чекка ҳудуди, Қорасув массивига кўчирганмиз, - деган эди вилоят раҳбари Адиз Бобоев жорий йилнинг 20 май куни ўтказилган ҳокимлик соатида. – Шаҳарнинг бу чеккасида яшовчи беморни у ҳудудга етказгунча 2-2,5 соат вақт кетади. Оғир бемор бўлиши мумкин, бу йўлда у қай аҳволда боряпти, ҳолати қандай? Ҳеч кимни қизиқтирмайди.
Вилоят раҳбари шаҳар ҳокимлиги ва соғлиқни сақлаш тизими масъулларига шаҳар марказидаги тиббиёт муассасаларида шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимини ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида шаҳар тиббиёт бирлашмасида шошилинч тез тиббий ёрдам пости ташкил этилди.
- Қабул бўлимида шошилинч тез тиббий ёрдамга муҳтож беморлар учун 3 та, яъни яшил, сариқ ва қизил ҳудуд ташкил қилдик, - дейди тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аҳмаджон Бобожонов. – Аҳволи яхшироқ беморлар сариқ йўлакдан кириб боради ва тиббий кўрикдан ўтказилиб, ҳолатига қараб йўлланма берилади. Ўрта ҳолатдаги беморлар сариқ йўлак орқали кўрикдан ўтказилади, вазиятга қараб, тегишли бўлимларга юборилади. Оғир аҳволдаги беморлар эса қизил йўлакдан реанимация бўлимига ётқизилади. Бугун эрталабдан шифохонамизга 20 дан зиёд мурожаат бўлди. Беморлар тирбандлик муаммосига дуч келмасдан, қисқа вақтда шифохонага етиб келмоқда.
Бирлашмага қарашли жами 408 ўринли 12 та бўлим мавжуд бўлиб, бу ерда йилига 25 минг нафар беморни қабул қилиш имконияти мавжуд.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).