Тўртта туманда замонавий шошилинч тиббий ёрдам маркази очилади
Аввал хабар қилганимиздек, Самарқандда «Шошилинч тез тиббий ёрдамнинг долзарб муаммолари: шошилинч тиббий ёрдамда минимал инвазив технологияларнинг ўрни ва аҳамияти» мавзуидаги XVI халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Конференция ишида беш давлатдан 150 нафар иштирокчи қатнашди, 400 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик тиббиёт ходимлари онлайн тарзда кузатиб бориш имконига эга бўлди. Конференция давомида хорижлик мутахассислар шошилинч тиббиёт тизимида янги технологияларнинг жорий этилиши бевақт ўлимларнинг олдини олиш, оғир аҳволда келган беморларнинг асоратсиз даволаниб кетиши учун кенг имконият яратаётганини таъкидлади.
- Тизимда ҳар йили 220 мингдан зиёд стационар жарроҳлик амалиётларининг 50 фоиздан ортиғи юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида амалга оширилмоқда, - дейди республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази раҳбари Даврон Тўлаганов. - Марказимиз ҳамда унинг филиаллари ҳар йили ишемик ва гаморрагик қон айланишининг ўткир касалликлари, қорин ва кўкрак бўшлиғи соҳасидаги патологиялар учун замонавий минимал инвазив аралашувларини амалга оширади. Марказда Марказий Осиёда биринчи марта замонавий технологиялар ёрдамида шу пайтгача амалга оширилмаган мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилмоқда.
Ушбу соҳада замонавий технологияларни кенг татбиқ этиш мақсадида шу йилнинг ўзида Булунғур, Пахтачи, Иштихон, Ургут туман шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимлари вилоят марказидаги сингари шарт-шароитларга эга бўлиб, ёндош туманлар аҳолисига ҳам хизмат кўрсатувчи марказга айланади. Ушбу ҳудудий марказларнинг ҳар бири 34 турдаги, компьютер томографиясидан тортиб, бошқа зарур ускуналардан иборат диагностика асбоблари билан таъминланади. Республика бўйлаб ташкил этилиши режалаштирилаётган шундай марказларда замонавий технологияларда иш олиб бориши учун 144 нафар мутахассис ўқитилмоқда.
Илмий-амалий конференция доирасида хорижлик мутахассислар томонидан Каттақўрғон шаҳри ҳамда республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалида лапароскопияда операция ўтказиш бўйича маҳорат машғулотлари ташкил этилди.
Конференция очилишида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А.Ҳожибоев, вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.
Гулруҳ Комилова.