Қорасувда қачон бекат(лар) қурилади?
Бу мавзуда аввал ҳам Zarnews.uz’да чиқиш қилгандик. Аммо ҳанузгача Самарқанд шаҳридаги янги шаҳарчага айланган масканда бирорта бекат йўқ.
Тўғри, шахсий автомашинаси борлар, таксида юрадиганлар учун бекатнинг бор-йўқлиги аҳамиятсиз. Аммо, автобусда юрадиган аҳоли-чи? Уларни ким ўйлайди?
Яқинда Қорасув масканидан бор-йўғи 2 километр чиқадиган катта йўлгача автобусга чиқдим. Автобус 10 метр юриб, тўхтади, яна 20 метр юриб тўхтади. Ҳар гал тўхтаганида 3-4 нафар йўловчи чиқяпти. Хуллас, автобус катта йўлгача саккиз марта тўхтаб, йўловчи олди. Эрталаб кимдир ишга, кимдир ўқишга шошиляпти. Автобус эса ҳар қадамда тўхтайди. Афсуски, бу ҳол ҳар куни такрорланади. Баъзида дарсга кечикишидан хавотирланган талабалар ёки ишга қатнайдиган корхона, ташкилот ходимлари таксига ўтиради. Аслида йўллардаги тирбандликка ҳам таксига бўлган эҳтиёжнинг кўплиги сабаб бўлмоқда.
Агар шаҳарчада вақтида бекатлар қурилганида ва автобуслар қатъий, аниқ вақтга эга жадвал асосида ҳаракатланганида одамлар шахсий машинаси ёки таксиларда эмас, жамоат транспортида манзилига боришни маъқул кўрар, бугун одамлар истаган жойидан автобусни тўхтатмасди. Шаҳарга қатновчилар ва ҳайдовчиларнинг вақти ва асаби тежалган бўларди.
Олдимизда ёғин-сочинли, қор-қировли кунлар турибди. Аҳолининг шалаббо бўлиб, йўлда автобус кутишини тасаввур қилаверинг. Хўш, бу муаммо қачон ҳал этилади? Самарқанд шаҳар ҳокимлиги Қорасувга бекатлар қуришни режалаштирганми?
Хуршида Эрназарова.