Қорбобо ва Қорқиз ким? Янги йилнинг асосий қаҳрамонлари қандай пайдо бўлган?

Бир қоп совға осиб олган сахий Қорбобо ва унинг хушчақчақ набираси Қорқизни ким билмайди, дейсиз. Аммо улар ҳар доим ҳам шундай бўлганми?

Янги йилнинг сеҳргар образи бир неча асрлар давомида афсона ва эртаклар асосида шаклланган. Масалан, славян мифларида Қорбобо - бутпараст худо Карачун ёки аёзнинг ёвуз руҳи бўлса, кейинчалик оқлик, сахийлик, меҳрибонлик тимсолига айланган. Қорбобо арча бобо, оқ бобо, аёз бобо деб аталган.

Унинг совға улашувчи меҳрибон бобо қиёфаси ХХ аср бошларида шаклланди. Анъанавий Қорбобо оқ мўйнали узун қизил пальто кийди, қўлига сеҳрли таёғи, елкасида бир қоп совғаси бор.

Қорбобога, албатта, Қорқиз ҳамроҳлик қилади, унинг образи XIX асрда адабиёт, мусиқа ва санъат туфайли юзага келди. Адабий чўқинтирган отаси - Александр Островский. 1873 йилда худди шу номдаги спектаклда қор қиз образини яратган ҳам айнан у.

У ерда Қорқиз оппоқ юзли, оқ-сариқ сочли қиз бўлиб намоён бўлади. Кейинчалик Қорқизнинг кўринишини рассомлар деталлаштириб, қизда кўк мўйнали кўк шубача, ёрқин ва енгил сарафан кийгизишди.

Қорбобо ҳамроҳ қизига меҳр билан "набирам" деб мурожаат қилар, қиз уни "бобо" деб чақирарди. Шу тариқа, ҳамма Қорқизни унинг набираси деб қабул қилди.

Улар биринчи марта 1937 йил Янги йил байрамида бирга пайдо бўлган ва бугунги кунгача Янги йилнинг асосий қаҳрамонлари бўлиб қолмоқда.

Қорбобонинг бутун дунё бўйлаб ҳамкасблари бор: АҚШда - Санта Клаус, Францияда - Пэр, Ноэль, Финландияда - Йоллупук.