Қўшни давлатлардан ўқишни кўчирилишида илмлилик бош мезон бўлиши керак
Шу кунларда хориж олийгоҳларига ўқишга чорлов, яъни “имтиҳонсиз талаба бўлиш” ва натижада абитуриентнинг билимини ҳеч бир мезон билан баҳоламай қандайдир пул эвазига (шартнома тўловлари, яна бошқа ажратмалар) талабаликка қабул қилиш ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоққа чалиняпти. Нима эмиш, бир йилдан сўнг (талаба ўқишга бордими ёки бормадими бундан қатъи назар) ватанимизга ўқишни қойил қилган қаҳрамонлардек кўчириш мумкин... Буни қандай тушуниш мумкин? Бу ҳолат қўшни давлатлар нуфузли олий ўқув юртларининг бизга сифатли кадр тайёрлашдаги ўзига хос “ёрдам”ими?
Мамлакатлар ўртасида шартномалар тузилаётган вақтда шу мезон ҳисобга олинадими ёки бу ерда сифат унча аҳамиятга эга эмасми? Биз мамлакат ичида сифатга катта эътибор қаратаётган вақтимизда, бизга хорижлик дўстларимиз маҳаллий ўғил-қизларимизни бир йил ўқитиб ё ўқитмай қайтариб юбораётганлигини нима деб тушуниш мумкин? Бу ҳолат юртимизда таълим олаётган талабаларнинг ҳам фаолиятига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин-ку! Бошқа томондан, олий таълим тизимини коррупциясиз соҳага айлантириш учун тинмай кураш олиб борилаётган бир пайтда, имтиҳонсиз, осонгина қўшни давлатнинг бирор олий таълим муассасасига ўқишга кирган билимсиз талаба шундай хавфни ҳам тарғиб қилмаслигига ким кафолат беради?
Бу соҳадаги ўтган йилги амалиёт шуни кўрсатдики, давлат комиссияси томонидан бизга тавсия қилинган талабаларнинг айримлари ҳатто ҳужжатнинг асл нухасини ҳам ўша олий ўқув юртларидан олиб келиб тақдим қила олишмади. Бунга бир томондан COVID-19 билан боғлиқ карантин ҳолатлари сабаб бўлса, бошқа томондан дарс бўлмаган ёки дарс бўлса ҳам улар дарсга қатнашишмагани аниқланди.
Биргина Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида ўтган ўқув йилида давлат комиссиясининг қарорига биноан 189 нафар талаба - Қозоғистоннинг 14 та ОТМидан 160 нафар, Қирғизистоннинг 4 та ОТМидан 8 нафар ва Тожикистоннинг 5 та ОТМидан 21 нафар талаба мурожаат қилган бўлиб, шундан мос равишда 161 нафари талабаликка қабул қилинди.
Бундан ташқари, 33 нафар абитуриент қуйидаги сабабларга кўра талабаликка қабул қилинмади:
а) ўз хоҳишига кўра кўчиришдан воз кечган (6 нафар);
б) контракт тўловини амалга оширмаган (16 нафар);
в) қўшни давлатдаги ОТМда тўлиқ 1 семестр ўқимаган (11 нафар).
Бошқа олий таълим муассасаларида ҳам худди шундай кўзбўямачилик ҳолатлари кузатилди. Бу амалиёт ўқув йили давомида барча ОТМлар фаолиятида ижобий натижаларга олиб келмади. Бу жараён, албатта, олий таълим соҳасида ўзига хос ўзгаришлар бўлишини тақозо қилган эди.
Жорий йилнинг 16 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида ўтказилган олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнларига бағишланган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида, шунингдек 22 июнда қабул қилинган Президентнинг “2021-2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарорида ҳам талабаликка қабул қилинадиган абитуриентларга барча имкониятлар яратилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган. Шу қарорнинг 7-бандида талабалар ўқишини хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган ОТМларидан Ўзбекистон Республикаси давлат ОТМларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришда, ДТМ томонидан тест синовлари орқали қабул қилиниши белгилаб қўйилганлиги алоҳида эътиборга лойиқ.
Бу борада Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов, Халқ таълими вазири Ш.Шерматов ва Давлат тест маркази директори М.Каримовлар иштирокида аҳоли орасида турли тушунмовчиликларнинг олдини олиш, олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тўғри етказилишини таъминлаш мақсадида “Олий таълим муассасаларида 2021-2022 ўқув йилига тайёргарлик, кириш имтиҳонларининг ташкил этилиши ва қабул параметрлари билан боғлиқ масалалар” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида атрофлича тушунтириб берилди.
Демак, жорий ўқув йилидан бошлаб, хориждан ўқишни кўчириш масалаларига ойдинлик киритилиб, бу жараён анча тизимга келтирилди. Бу, биринчидан, талабаларда ҳам, ота-оналарда ҳам турли алдовларга ишониб қолмасликлари учун, иккинчидан, энди билимсизликка ундовчи алдовларга ишониб хорижларга тентираб юрмасликка ва сохта диплом олиш каби иллатларнинг олдини олишга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, жорий йилдан бошлаб, давлат ОТМларининг магистратура (клиник ординатура) мутахассисликларига ўқишга қабул қилишнинг икки босқичда, яъни ОТМда мутахассисликка доир фандан имтиҳон олиниши ва иккинчи босқичда ДТМ томонидан чет тили бўйича тест синовлари ўтказилишидир.
Бунда битирувчи-бакалаврларнинг, яъни миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлганларнинг тестдан озод қилиниши ва уларга энг максимал балл берилиши каби имтиёзларнинг яратилиши ҳам жуда катта аҳамиятга молик жиҳат. Чунки кўп йиллик таҳлиллар шуни кўрсатадики, магистратура мутахассислигига кирувчиларга қўйилган талабларда унинг базавий маълумоти сўралмас эди. Мисол учун, қишлоқ хўжалиги олийгоҳларининг зоотехник ёки менежмент мутахассислигини битирган бакалавр молия институтига ҳам ҳужжат топшириши мумкин эди. Энди эса мутлақо янгича ёндашув кучга кирди. Яъни, эндиликда биз тайёрлаётган битирувчи-бакалаврлардан мутахассис фанлар бўйича билимни хорижий талаб даражасида билиши талаб этилади. Бу эса уларга албатта магистратурага киришда сўзсиз асқотади.
Олим Муртазаев,
ТДИУ Самарқанд филиали директори, профессор.