Қўшработда математика фанига ихтисослашган мактаб очилади
Бугун дунё иқтисодий сиёсатида етакчи ўринларга чиқиб олган ахборот-коммуникация технологиялари, тиббиёт, биология, рақамли иқтисодиёт ва бошқа кўплаб соҳалар ривожи математик ёндашувлар, унинг ушбу соҳаларга самарали тадбиқи натижасида рўй бермоқда.
Президентимиз томонидан яқинда “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бунда математика соҳасида ечимини топмаган қатор масалалар, таълим сифати ва илмий-тадқиқотлар самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди. Қарорда умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида математика фанларини ўқитиш сифатини ошириш, ҳудудларда математика фанига ихтисослаштирилган мактабларни босқичма-босқич ташкил этиш белгиланди.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида собиқ Қўшработ қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи базасида 90-сонли математика фанига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ташкил этиладиган бўлди. Аввалдан ҳам бу ҳудуддан математика соҳаси билимдонлари кўп чиққан. Масалан, аниқ ва табиий фанлар соҳасида 2 нафар академик, 12 нафар профессор ва фан докторлари, 40 дан зиёд физика-математика фанлари номзодлари қўшработлик.
Республикамизнинг турли олий таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган қўшработлик математик олимлар ва тумандаги моҳир математика фани ўқитувчилари ҳамкорлигида ихтисослашган мактабга илмий-услубий ёрдам кўрсатади. Шунингдек, улар маҳорат дарслари ўтиб, дастурчилар, амалий математика ва рақамли иқтисодиёт бўйича етук мутахассислар тайёрлашга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшади.
Бугунги кунда туман мактабларида 279 нафар математика фани ўқитувчиси дарс бериб келмоқда. Улардан 5 нафари олий, 36 нафари 1-тоифали ва 83 нафари 2-тоифали ўқитувчилардир.
Х.Худойназаров,
СамДУ профессори.
А.Арзиқулов, доцент.