Қўшработдаги туғруқхонада соғлом чақалоқлар дунёга келади

Қўшработ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонанинг туғруқ бўлими биноси капитал таъмирдан чиқарилиб фойдаланишга топширилди.

Олтмиш ўринга мўлжалланган замонавий туғруқхонанинг очилиш маросимида туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев ва бошқалар юртимизда, хусусан, чекка ва тоғли туманларда истиқомат қилувчи аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳомиладор аёллар ва болаларга кўрсатилаётган эътибор янада кучайтирилаётганлигига алоҳида тўхталиб ўтишди. 

Сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган ушбу мажмуада нафақат ҳомиладор аёллар учун, балки, шифокорларнинг дам олишлари учун ҳам хоналар бор. Шунингдек, аёлларни оналикка тайёрлаш, янги туғилган чақалоқларни парваришлаш ҳамда кутилмаган ҳомиладорликни олдини олиш борасида суҳбатлар ўтказиш учун ҳам тарғибот хоналар ажратилган.

- Янги, барча қулайликларга эга туғруқхонанинг таъмирланиб фойдаланишга топширилиши туманимиз аҳлига кўрсатилган ҳурмат ва эътибор намунаси бўлди, -дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Баҳром Эгамбердиев. - Туғруқхона деворлари нураб, томидан чакка ўтар, қолаверса, беморларга кроват ва тиббий жиҳозлар ҳам эскириб, яроқсиз аҳволга келиб қолганди. Аёлларга тиббий хизмат кўрсатиш талаб даражасида бўлмаганидан улар қўшни туманларга, Самарқанд шаҳридаги шифохоналарга боришга мажбур бўлишарди. Энди бундай сарсонгарчиликларга чек қўйиладиган бўлди. Таъмирланиб, замонавий қиёфага эга бўлган туғруқхонамиз туманимиз аҳлининг соғлом ва бақувват фарзандларини дунёга келишига хизмат қилади.

Тадбир якунида соҳа фахрий ва фидойилари учун ёзилган дастурхонга баҳор таоми - ҳалиса тарқатилиб, ҳурмат кўрсатилди.

Ўлмас САЙДИНОВ.