Қўйларни сўйишни вилоят ҳокими буюрганмиди? Ҳолат вилоят прокуратураси назоратига олинди
Жорий йилнинг 2 январь куни ижтимоий тармоқларда “Қашқадарё ҳокими далани пайҳон қилган қўйларни сўйишни буюрди” сарлавҳа остида видеолавҳа тарқалди.
Мазкур видеолавҳада вилоят ҳокими топшириғига кўра, вилоят қишлоқ хўжалиги инспекцияси бошлиғи Акром Арипов, Нишон тумани ИИБ бошлиғи Дилшод Умаров, Ибн Сино ҳудудидаги “Отамурод ота” фермер хўжалиги раҳбари Шерзод Бобоназаров ҳамда далани пайҳон қилган 21 бош қўй эгаси Абдурашид Азаматов иштирокида ғалла майдони пайҳон қилингани учун фермер хўжалиги раҳбари ва пайҳон қилган қўй эгасига тегишли 1 тадан (жами 2 бош) қўйни сўйиб, кам таъминланган оилаларга тарқатилиши ҳолати акс эттирилган.
"Мазкур ҳолат Нишон тумани прокуратурасининг “Шакл-1” китобига рўйхатга олиниб, тегишли тартибда хизмат текшируви тайинланган. Тарқатилган ведиолавҳанинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда.
Ўрганиш натижалари ҳар томонлама қонун доирасида кўриб чиқилиб, қарор қабул қилиниши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган", дейилади вилоят прокуратураси баёнотида.