Қозоғистонда ҳибсга олинганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлиги айтилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонда ҳибсга олинган шахслар бўйича баёнотни эълон қилди. Унга кўра ҳозирда Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистонда ҳибсга олингани ҳақида маълумот йўқ.

“Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қўшни Қозоғистондаги вазиятни мунтазам равишда кузатиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари – Нур-Султондаги Элчихонаси, Олма-ота ва Ақтаудаги бош консулликларида тезкор штаблар ташкил этилди.

Қийин аҳволда қолган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Талабалар билан алоқа ўрнатилди. Уларга зарур ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда. Нур-Султон шаҳридаги аэропортда парвозини кутаётган фуқаролар иссиқ овқат билан таъминланди.

Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари билан уларнинг қариндошлари ва яқинлари ўртасида алоқа ўрнатишда тезкор ёрдам кўрсатилмоқда.

Олма-отадан Ўзбекистонга қайтишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати тузилди. Улар “Uzbekistan Airways” компаниясининг навбатдаги рейслари орқали Ватанга қайтарилади. Ҳозирда Олма-ота аэропорти ёпиқлигича қолмоқда.

Ўзбекистоннинг дипломатик ва консуллик муассасалари Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан жойларда доимий алоқада бўлиб турибди. Ҳозирда Ўзбекистон фуқароларининг ҳибсга олингани ҳақида маълумот йўқ”, дейилади ТИВ баёнотида.

Шунингдек вазирлик, мамлакатимиз фуқаролари ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича Ўзбекистон Республикасининг Нур-Султон (телефон рақами: +7 771 020 36 73), Олма-ота (телефон рақами: +7 777 950 44 33) ва Ақтау (телефон рақами: +7 777 599 00 51) шаҳарларидаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилган.