ҚҚС суммалари ўрнини қоплаш қай тартибда амалга оширилади?
Жорий йилнинг 1 январидан кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси солиқ қонунчилигини максимал даражада соддалаштириш (солиқ ва йиғим турлари ва миқдорларини оптималлаштириш), қарама-қаршиликлар ва низоларни бартараф этиш (ҳаволали нормаларнинг ва қонуности ҳужжатларининг чекланиши), ҳалол солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, шунингдек, солиқ назорати механизмларини такомиллаштиришни кўзда тутади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида” Низом билан ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш шартлари ва тартиби белгиланди.
ҚҚСнинг салбий фарқ суммасини қоплаш, жумладан, бошқа солиқлар бўйича қарздорликни узиш ҳисобига қоплаш Солиқ кодекси ва Низом талабларига мувофиқ амалга оширилади. ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш масаласи қоида тариқасида солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ бошқармаси томонидан, йирик солиқ тўловчилар бўйича эса йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан кўриб чиқилади ва қарор қабул қилинади.
Солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган ҚҚС суммасини қайтаришга ҳамда чет давлат фуқароларига ҚҚС суммаси ўрнини қоплашга (ТАХ FREE) нисбатан мазкур қоидалар татбиқ этилмаслигини таъкидлаш лозим.
Қопланиши лозим бўлган ҚҚС суммаси деганда товарларни (хизматларни) реализация қилишга доир операцияларнинг солиқ базасидан ҳисоблаб чиқарилган ҚҚС суммаси билан олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси ўртасидаги салбий фарқ тушунилади.
Хўш, ҚҚС суммалари ўрнини қоплаш (қайтариш) қай тартибда амалга оширилади?
Масалан, тадбиркор 115 сўмлик товарни импорт қилди (15 фоиз ҚҚС = 15 сўм). Маҳаллий бозорда фаолият юритаётган “А” тадбиркордан ҳам 115 сўмлик маҳсулот харид қилди (15 фоиз ҚҚС = 15 сўм). Тадбиркорнинг умумий харажати 230 сўмни, жами тўлаган ҚҚС миқдори 30 сўмни ташкил этди. Тадбиркор ички бозорда 184 сўмлик товар сотди (товар қиймати 160 сўм х 15 фоиз = 24 сўм ҚҚС). Ҳосил бўлган ҚҚС салбий фарқ суммаси (30 сўм – 24 сўм) 6 сўм.
Тадбиркор ҚҚС салбий фарқ суммаси (6 сўм) ўрнини қоплаш (қайтариш) тўғрисида ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига шахсий кабинети орқали Низом талабларида белгиланган шаклдаги ариза билан мурожаат қилади. Солиқ органлари томонидан ариза қабул қилинганидан сўнг тадбиркорлик субъектининг фаолияти юзасидан камерал солиқ текшируви ўтказилади. Бунда камерал солиқ текшируви солиқ органининг текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруғисиз амалга оширилади. Текширув натижасида хато ва камчиликлар аниқланмаган тақдирда ҚҚС суммаси солиқ тўловчига солиқ органининг ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш тўғрисидаги қарори асосида 60 кундан ёки 7 кундан кечиктирмай (тезлаштирилган тарзда) амалга оширилади. Тезлаштирилган тарзда ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш, йирик солиқ тўловчилар, дипломатик ваколатхоналар, банк кафолатига эга шахсларга, экспортчи корхоналарга, маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчиларига ("0" ставка) ва солиқ мониторинги иштирокчиларига қайтарилади.
Равшан Имамов,
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи.