Қулжамон, Бешкал хунук ном эмас - ўзбек уруғларининг номи. Қўтирбулоқ эса «Шифобахш булоқ бор жой» дегани

Юртимиз тарихи, ўтмишини ўрганишда кўпчилик учун маълум бўлган икки муҳим манба – осори-атиқалар ва ёзма манбалардан ташқари яна бир манба борки, бу жой номларидир.

Топонимлар ниҳоятда бой ва турли тумандир. У ўз ичига қишлоқ ва шаҳарлар, маҳаллаю кўчалар, гузару бекатларнинг номларигача қамраб олади. Улар орасида кўпчилик учун маъноси ноаниқ тарихий жой номларидан тортиб, яқин замонларда ўтган тарихий шахслар номигача ҳам учрайди. Шу боис жой номларини ўтмиш муҳри, десак бўлади. Бу халқ бойлиги бўлиб, ўзида унинг ўтмиши ва бугунини намоён қилади. 

Вилоят топонимик комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ жой номларини номлаш мақсадида Географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар томонидан таклиф этилаётган номларни давлат экспертизасидан ўтказиш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.

Аммо маҳаллий ва тарихий номлардан воз кечиб, туман ва шаҳарларда ёппасига бир хил номлар билан аташ урф бўлаётганлиги афсусланарлидир. Жорий йилда вилоятимизда бир нечта туманларда аҳоли пунктлари номи ўзгартирилди. Аммо янги қўйилган номлар асосан мавҳум отлардан иборат, бирор бир тарихийлик ёки шу ерда яшовчи аҳолининг келиб чиқишига алоқаси йўқ. Бундай номлар жумласига “Guliston”, “Navbahor”, “Nurafshon”, “Sayilgoh”, “ ... obod”, “Gulzor”, “Orzu”, “Mehnatkash”, “Istiqlol”, “Nafosat”, “Tashabbus”, “Sahovat”, ”Ezgulik”, “Vatanparvar”, “Bo`ston”, “Iftixor”, “Navnihol”, “Madadkor”  кабиларни келтириш мумкин. Бу ёмғирдан кейинги қўзиқориндай ҳамма ёқни босиб кетиши унчалик яхши эмас. Жой номлари миллий тилнинг таркибий қисми бўлганлиги боис, бирор номни ўзгартириш пухта ўйланган илмий ёндашув асосида амалга оширилгани маъқул. Қолаверса, бу жарангдор номларнинг аксарияти ўзлашма бўлиб, араб ва форс тилларига тегишли.

Ҳозирда асосан икки ҳолатда - мустамлака давридан қолган жой номлари ёки қулоққа “хунук” эшитилувчи номлар ўзгартириляпти. Биринчи ҳолат тушунарли. Шўролар мафкурасини тарғиб қилувчи номлар алмаштирилгани яхши. Аммо иккинчи ҳолатда ўзбек тилидан бехабарлик, тарихга беписандлик билан қараш кайфияти “ҳеч қандай маънога эга эмас” ва “маънавий қиёфамизга мос келмайди”, дея талқин қилиш ҳолатлари учраб турмоқда. Шу маънода баъзи бир туман топонимик комиссияларидан Қўтирбулоқ, Қулжомон, Бешкал сингари номларни ўзгартириш таклифлари ҳам  тушмоқда.  Аслида улар “хунук” номлар эмас, бизга тарихни эслатиб турувчи атамалардир. Масалан, Қулжамон, Бешкал ўзбек уруғларининг номи. Қадимда мазкур ҳудудда ўша уруғ вакиллари яшаган. Қўтирбулоқ эса жой номи сифатида вилоятимизнинг Тойлоқ, Оқдарё, Булунғур, Нуробод сингари туманларида учрайди. Бу шифобахш булоқ бор жой деган маънода қўлланади. Қадимда одамлар мазкур булоқларга шифо истагида келишиб, турли яра, қўтир, қичима, кўк йўтал сингари касалликларга сув билан даво топган. Бундан бир неча йил аввал  вилоят топонимик комиссиясида худди шундай бир англашилмовчиликнинг олди  олинган эди. Самарқанд туманидаги  бир қишлоқнинг номи Гармоков деб ёзилган бўлиб, комиссия бу русча фамилия, деб уни ўзгартирмоқчи бўлганди. Маҳалла фаолларидан  бири бу  русча Гармоков эмас, форс-тожикча Гармако, яъни иссиқлик билан даволовчи табиблар бўлганлигини айтиб бериб, ном ўзгаришсиз қолганди.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати, географик объектларнинг номларини белгилаш тартибидир. Географик объектларнинг номлари ҳудудни картография қилиш, топонимик тадқиқотлар ўтказиш вақтида, номлар бериш, ўзгартириш таклифлари тайёрланаётганда тегишли давлат ҳокимияти, бошқарув органлари, маҳаллий аҳоли, ўлкашунослар, географлар, тарихчилар ва бошқа мутахассислар ўртасида сўровлар ўтказиш асосида белгиланиши лозим бўлади. Шу боис топоним комиссияси таклифни тайёрлашда ўша жойдаги  қариялар, зиёлилар, хусусан, мактаб ўзбек тили ва адабиёти, географ ва тарихчи ўқитувчилари билан маслаҳатлашиши лозим.

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳри туманларга ажратилиши кўзда тутилаётганлиги тўғрисидаги хабарлар тарқалмоқда. Бешта тумандан биттаси Мароқанд деб номланишини таклиф этиляпти. Назаримизда, Мароқанд Самарқанднинг юнонча талаффузи  бўлиб, бу Самарқанднинг такрор номидир. Бу масалани жиддий ўйлаб кўриш керак. Эҳтимол, Амир Темур ёки Ялангтўш Баҳодир номини қўйиш маъқулдир.

 “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонунда талабларига кўра “кўчалар, шоҳкўчалар, маҳаллалар, майдонлар, боғларга ва аҳоли пунктлариниг бошқа таркибий қисмларига айрим одамлар, жамоат арбоблари, сиёсий арбоблар исми шарифини беришга қоида тариқасида йўл қўйилмайди. Ўзбекистон тарихида чуқур из қолдирган шахслар бундан мутасно” деб белгиланган. Шундай бўлса-да, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ўзгартирилган кўчалар номини маҳаллий ҳокимият қарори билан ўзгартириш ҳолатлари учрамоқда. Масалан, Самарқанд шаҳрининг украин шоири Т.Шевченко номли кўчаси республика топонимик комиссияси қарори билан “Тонг юлдузи” деб номланиши матбуотда эълон қилинган эди. Орадан кўп вақт ўтмасдан кўча номи М.Собиров номи билан аталадиган бўлди. Ёки генерал С.Раҳимов кўчаси У.Усмонов номи билан ўзгартирилди. Бундай кўча номларини нафақат шаҳарда, балки туман марказларида ҳам учратиш мумкин. Кўчалар номини ватанимиз тарихида из қолдирмаган шахслар номи билан аташ қонунга зид эканлигини маҳаллий ҳокимият вакиллари ўйлаб кўрса, яхши бўларди. Шунингдек, шаҳарда номсиз кўчалар ҳам бор. Шаҳарнинг Университет хиёбонини Садриддин Айний кўчаси билан туташтирувчи янги кўча фойдаланишга топширилганига ҳам 4-5 йил бўлиб қолди. Аммо ҳозиргача унга ном берилмаган.

Ўзбекистонга кўп йиллар раҳбарлик қилган давлат арбоби Шароф Рашидов номи у таълим олган Самарқанд давлат университетига берилганлиги қувончли воқеа бўлди. Яқинда университет ҳудудига туташ, бир вақтлар унинг номи билан аталган кўчада ҳайкали қад кўтарилиши мўлжалланяпти. Шу боис айнан шу кўча (ҳозирда Абдураҳмон Жомий) Шароф Рашидов номи билан қайта номланса, айни муддао бўларди. Чунки ҳозир шаҳримизда Шароф Рашидов номли кўча йўқ.

“Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Қонунда белгилаб қўйилганидек, жой номларини тарихийлик ва миллийликни ҳисобга олган ҳолда шошма-шошарликка йўл қўймасдан янги ўзбек лотин алифбоси имлоси қоидаларига мувофиқ расмийлаштириш ҳамда ёзилишини таъминлаш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Муродқосим Абдиев,

 вилоят топонимик комиссияси аъзоси, Давлат тилида иш юритиш ва малака ошириш марказининг вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари, профессор.