Энди қишлоқ кўчалари ҳам номланади

Яқинда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича комиссияси Нуробод, Нарпай ва Ургут туманларидаги айрим географик объектларга янгидан ном бериш бўйича Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига таклиф киритди.

Ушбу таклифни ўрганиш мақсадида географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш эксперт комиссияси йиғилиш ўтказди.

Унга кўра, Нуробод, Нарпай, Ургут туманларидаги янги ташкил этилган уч маҳалла ва 564 кўча номларидан 530 та номни қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, деб топди. Шундан 124 ном географик объектлар номларининг ўзбек тилида ёзилиши қоидалари асосида ўзгартирилди. 32 та ном маъно жиҳатидан берилаётган объектга номувофиқ, деб топилди. 5 та ном эса географик объектларнинг номлари давлат реестри базасида мавжудлиги аниқланди.

Шунингдек, Юқори Шўрча, Олтинсой, Пўлатчи, Нурбулоқ, Навбаҳор, Янгиҳаёт, Бунёдкор, Саҳоба, Сарой, Узунсой аҳоли пунктлари номлари давлат реестри базасида мавжуд эмас деб топилди. Гирдиқўрғон аҳоли пункти эса вилоят ҳокимининг 2014 йилдаги қарорига асосан давлат реестри базасида Жом номи билан рўйхатга олингани аниқланди.