Ўрта асрлар шароитида, олис бир қишлоқда яшаётган аёл ҳаётидан лавҳа
Умрида бир бор ҳам қишлоғидан ташқарига чиқмаган, кийим дўкон, театр, кинога тушмаган, гўзаллик салонларига ҳеч қачон бормаган аёлнинг орзулари, ҳаёт хақиқатларини тинглаганмисиз?
Бугун ҳам Ўзбекистонда уйида биронта XXI асрнинг тараққиёт унсурлари топилмайдиган хонадонлар борлигини биласизми? Оғир, қийин шароитда яшаса-да ҳеч қачон турмушидан нолимаган, ўтаётган кунларига шукрона айтадиган замондошлар борлигидан хабардормисиз?
Rost24.uz ахборот сайти Самарқанднинг чекка бир Накурт қишлоғида ҳаётдан нолимай яшаб келаётган аёлни суҳбатга тутди.
Накуртлик 5 нафар фарзанднинг онаси Лобар Марқаева “Ильич лампаси” ёнадиган уйида китоб ўқишни ёқтиради. Умрида кийим дўконига бормаган бу аёлга оқ кўйлак кийиш армон бўлиб қолган. У бир вақтлар ҳатто актриса бўлишни ҳам орзу қилган. Бугун эса чекка қишлоқдаги пахсали, лой сувоқли уйида шоира Марҳабо Каримова шеърларини ўқиб овунади.
Лобар Марқаеванинг оиласи пандемия вақтида нонсиз қолган кунлари ҳам бўлди. Ҳатто оддийгина гугурт донасини тополмай, ойлаб чўғ ахтарган кунларни ҳам кўрди. Бу мўътабар аёлнинг ҳикояси атрофимиздаги одамларникидан тамоман ўзгача шу вақтгача айтилмаган, тингланмаган аёл хақиқатларидир.