"Аёллар дафтари"нинг олтинчи босқичи бошланди: Ўзгаришлар бор
Олти йилдирки, мамлакатимизда оғир ижтимоий ҳолатга тушиб қолган аёллар учун маҳаллаларда “Аёллар дафтари” шакллантирилиб, ушбу рўйхатга киритилган аёлларга ёрдам бериб келинмоқда. Бу йил ушбу рўйхатни шакллантириш ва амалий ёрдам кўрсатишда бирмунча янгиликлар борлиги айтилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг вилоят кенгаши раиси ўринбосари Акбар Абдусаидов билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
-2024 йил 10 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси фаолияти ҳамда “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг дафтарга киритилишида қатор ўзгаришлар бор.
Биринчи навбатда йилнинг 5 январидан 30 январигача хонадонма-хонадон юриш орқали “маҳалла еттилиги”, сектор ишчи гуруҳлари билан биргаликда анкета-сўровнома асосида хотин-қизларнинг барча йўналишдаги муаммолари ўрганилади. Илгари бу иш турли ташкилотлардан таркиб топган вакиллардан иборат махсус ишчи гуруҳ томонидан ўрганиларди. 30 январдан 15 февралгача “маҳалла еттилиги” томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси, яъни тоифаси аниқланиб, “Аёллар дафтари”нинг 6-босқичига киритиладиган хотин-қизлар рўйхатлари шакллантирилади. Рўйхат тузилгандан сўнг “маҳалла еттилиги” томонидан ҳар бир аёлнинг индивидуал дастурлари ишлаб чиқилади ҳамда сектор раҳбарига тақдим этилади.
- Ушбу дастурларни амалга ошириш маҳаллаларнинг ўзида ҳал этиладими?
– Йўқ, сал бошқачароқ. 15 февралдан 25 февралгача сектор раҳбарлари ҳамда оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи барча маҳаллалардан рўйхат ва индивидуал дастурларни олиб, ижро учун масъул бўлган туман (шаҳар) ташкилотлари раҳбарларини йиғади ва индивидуал дастурлар билан таништириб чиқади.
Туман (шаҳар) ташкилотлари раҳбарлари эса индивидуал дастур билан танишиб чиқиб, имзо қўйиб, тасдиқлаб беради. Агар масъулларда дастурда белгиланган “амалий ёрдам” бўйича эътироз бўлса, шу жойнинг ўзида тўғрилаб, кейин тасдиқлашади. Индивидуал дастурлар секторлар ва масъул ташкилотлар раҳбарлари томонидан имзоланганидан кейин унинг асл нусхаси “маҳалла еттилиги”га қайтариб берилади.
- Ёрдам масаласида ўзгаришлар бўлиши мумкинми? Бу кўмак нимадан иборатлигидан рўйхатга киритилган аёллар ҳам хабардор этиладими?
- Албатта. “Маҳалла еттилиги” “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга қайси ташкилот қачон, қанча миқдорда ёрдам беришини тушунтириб, рози бўлсаларгина индивидуал дастурларнинг асл нусхасига имзо қўйдиради.
Агар бирор бир эҳтиёжманд аёлда индивидуал дастурда белгиланган “амалий ёрдам”га нисбатан асосланган эътирози бўлса, индивидуал дастур қайта ишланади ва масъуллар тасдиқлаб берганидан кейин эҳтиёжманд аёлнинг имзоси олинади.
Индивидуал дастурлар секторлар раҳбарлари, ижро учун масъул ташкилотлар раҳбарлари ва эҳтиёжманд аёллар томонидан имзоланганидан кейингина “маҳалла еттилиги”нинг коллегиал қарори билан тасдиқланади.
Шу жумладан, индивидуал дастурга ўзгартириш киритиш масаласи ҳам “маҳалла еттилиги”нинг коллегиал қарори билан амалга оширилади.
Индивидуал дастурлар “маҳалла еттилиги” томонидан юритилади ва маҳалла идораларида сақланади. Сектор раҳбарлари ҳамда оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи индивидуал дастурлар асосида “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. Секторлар раҳбарлари, туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари ҳамда “Маҳалла еттилиги” аъзолари “Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизлар рўйхатини шакллантиришда маълумотларнинг ҳаққонийлиги бўйича шахсан жавобгар ҳисобланади. Бу масала “Аёллар дафтари” низомида қатъий белгилаб қўйилган.
- Амалий ёрдам берилиши қачондан бошланади?
- Барча ҳужжатлар тасдиқланганидан кейин март ойидан бошлаб, ноябрь ойигача эҳтиёжманд аёлларга уларнинг индивидуал дастурлари асосида тегишли ташкилотлар томонидан амалий ёрдам бериб борилади.
Шу ўринда бир нарсага эътибор қаратиш лозим: амалий ёрдам беришда, жумладан, маблағларни сарф этиш билан боғлиқ кўп масалаларда “маҳалла еттилиги” тавсияси, хулосаси ёки қарори керак бўлади.
Бу даврда, яъни март-ноябрь ойлари давомида секторлар раҳбарлари ҳар ой якунида амалга оширилган ишларни тегишли ташкилотлар раҳбарлари ва “маҳалла еттилиги” билан биргаликда таҳлил қилиб боради, муаммолар вужудга келган бўлса, уларни бартараф этиш чораларини кўради.
Бундан ташқари, секторлар раҳбарлари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари ва масъул ташкилотлар раҳбарлари индивидуал дастурларда белгиланган чора-тадбирлар ижроси ва унинг ҳаққонийлиги бўйича ҳар чорак якунида тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ахборот беради.
“Аёллар дафтари” тизими доирасида низом талаблари асосида амалга оширилаётган ишлар қуйидаги тартибда мувофиқлаштириб борилади: Маҳалла даражасида — туман (шаҳар) секторлари раҳбарлари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан. Туман (шаҳар) даражасида — вилоят секторлари раҳбарлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг ҳудудий кенгашлари, оила ва хотин-қизлар бошқармалари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг ҳудудий бошқармалари томонидан мувофиқлаштирилади.
- Илгари “Аёллар дафтари”га фақат йил бошида ўтказилган хатловда рўйхатга олинганларгина киритиларди. Бу йил ҳам шу тартиб амалда қолдими?
- Йўқ, бу йил йилнинг турли пайтда тўсатдан юз берган вазиятлар натижасида қийин аҳволга тушган аёллар ушбу рўйхатга киритилиб, уларга тегишлича ёрдам берилиши мумкин. Бунда улар ўз маҳалласига мурожаат қилиши лозим бўлади. Шундан сўнг уларга ушбу дафтарда кўзда тутилган ёрдам ажратилиши мумкин.
Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.