“Аёллар дафтари” учун хатлов бошланди

Айни кунларда “Аёллар дафтари”нинг бешинчи босқичи старт олди. Яъни, маҳалла фуқаролар йиғинларида кўмакка муҳтож аёлларни "дафтар"га киритиш мақсадида хатлов бошланган.

Хўш, уни амалга ошириш жараёни қандай кечади? Рўйхатга қандай муаммолари бор аёллар киритилади? Вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда мазкур масалага алоқадор бошқарма ва ташкилот, шаҳар ва туман ҳокимликлари вакиллари видеоконференцалоқа тарзида иштирок этди. Йиғилишда “Аёллар дафтари” бўйича амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар таҳлил этилди, бу йилги вазифалар белгилаб олинди.

- Касаба уюшмаси ҳамда оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамкорлигида "Аёллар дафтари" тизими йўлга қўйилганига бу йил бешинчи йил бўлди, - дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг вилоят кенгаши раҳбари Суҳроб Рафиқов. - 2023 йилда 108 минг 538 нафар хотин-қиз ушбу рўйхатга киритилган бўлса, бу йил тахминан яна шунча хотин-қиз бу "дафтар"га киритилиши режалаштириляпти. Ўтган йил "дафтар"га киритилган аёлларнинг 108 490 нафарининг муаммолари ҳал этилди, қолганлари билан манзилли ишланмоқда. Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 35 минг нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

4198 нафар аёлга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун жами 38,7 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Боқувчисини йўқотган, ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган 33 758 нафар опа-сингилларимизга 22,2 миллиард сўм миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилди.

-“Аёллар дафтари”нинг 5-босқичи 2024 йилнинг  5 январь кунидан бошланди ва 20 январга қадар давом этади. Бунинг учун, биринчидан, жойларда давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ҳар бири саккиз нафардан бўлган ишчи гуруҳлар тузилди, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси раҳбари Зебинисо Раҳмонова. - 1126 та маҳалланинг ҳар бирида биттадан ишчи гуруҳ ишлайди.

Ишчи гуруҳ таркибига маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоллари, ҳоким ёрдамчилари ҳамда шаҳар ва туман ташкилотларидан вакиллар жалб этилди.

Ишчи гуруҳлар 30 ёшдан ошган ҳар бир хотин-қизнинг муаммоларини ўрганиб чиқади. Хатлов кунлари касалхонада даволанаётган ёки меҳнат миграциясида бўлган, жазони ижро этиш муассасаларида бўлган хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Илгари “Аёллар дафтари”га киритилиб, бандлиги таъминланган ёки тадбиркорлиги йўлга қўйилган хотин-қизлар такроран “Аёллар дафтари”га киритилмайди. Агар хотин-қизлар доимий ишдан бўшатилган ёки тадбиркорликни йўлга қўя олмаган бўлса “дафтар”га қайтадан киритилиши мумкин.

Йиғилишда таъкидланишича, 2024 йил 1 мартдан бошлаб хотин-қизларга амалий ёрдам бериш бошланади.

Гулруҳ МЎМИНОВА.