Қурилаётган бинолар шаҳарсозлик меъёрларига жавоб берадими?
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, барча турдаги бинолар, кўп қаватли иншоотлар, тураржой ва нотураржой бинолари, якка тартибдаги уй-жойлар ва бошқа хусусий мулк объектларини қайта хатловдан ўтказиш, қонунийлигини ўрганиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар ўртасида қўшма фармойиш имзоланди.
Шу асосда вилоят ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар, давлат солиқ бошқармаси, иқтисодий, маъмурий ва фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди ҳамда бир қатор ташкилот ва идоралар ходимларидан иборат хатлов гуруҳлари ташкил этилди.
– Мамлакатимизда тўртта қадимий шаҳар – Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз ва Хива ЮНЕСКОнинг умумжаҳон маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган, – дейди ишчи гуруҳ аъзоси Майсара Набираева. – 2001 йилдан бошлаб Самарқанд вилоятининг 1130 гектар майдони ушбу рўйхатдан жой олган. Ҳудуд Афросиёб қалъаси, темурийлар давридаги шаҳар ва ХIX-XX асрларда барпо этилган шаҳардан иборат. Мазкур маданий мерос объектларининг ҳар бири ўзига хос қурилиш, тиклаш, сақлаш тартибига эга. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ушбу объектларда қурилаётган биноларнинг шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларига мос жойлашуви, олиб борилган қурилиш-монтаж ишларининг сифати, зилзилага бардошлилик даражаси ва қонунийлиги аниқланмоқда.
Хатловда аниқланган камчиликларни бартараф этиш борасида ишчи гуруҳ томонидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ.