Қутқарувчилар қандай тайёрланади?
Бугун кўпчилик фавқулодда вазиятлар содир бўлганида қандай ҳаракат қилиш, ҳатто ўз хавфсизлигини таъминлаш шартларини ҳам билмайди.
Лекин шундай касб эгалари борки, улар айни вазиятларда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса-да, бошқаларни қутқариш билан шуғулланади. Албатта, бу вазифани бажариш учун улар махсус тайёргарликдан ўтади, таъбир жоиз бўлса, ўт ва сувда тобланади.
Республикада ягона ҳисобланадиган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш марказига ташкил этилган пресс-турда журналистлар қутқарувчилар тайёрланиш жараёни билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди. Самарқанд шаҳрида жойлашган муассаса 8,5 гектар майдонни эгаллаган. Унда шу кунларда республикамиз фавқулодда вазиятлар тизимининг куч-қудратини ифода этувчи 22 тоифадаги қутқарувчилар тайёрланади.
Марказда алоҳида тоифа машғулотларни ўтказиш учун махсус ўқув бинолари мавжуд бўлиб, ҳар бири замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Жумладан, сувда қутқариш машғулотлари сув ҳавзасида олиб борилади. Унда тингловчилар махсус қурилмалар ёрдамида сув тагида қутқарув ишларини олиб боришни ўрганади. Ўқув дастури якунида улар табиий шароитларда, лойқа ва оқар сувларда имтиҳон топшириб, эгаллаган билим ва кўникмаларини синовдан ўтказади.
— Кейинги вақтда юртимизда тез-тез кузатилаётган ҳолат - фуқароларни ташиш транспортида ёнғин ёки бошқа фавқулодда вазиятлар содир бўлиши билан боғлиқ ҳолатлар бўйича ҳам ўқув нуқталари ташкил этилган, - дейди марказнинг ўқув жараёнини ташкил қилиш бўлими бошлиғи, подполковник Шерали Тожибоев. – Уларда қутқарувчилар ҳақиқий самолёт ва бошқа транспорт воситалари билан ишлайди. Шу орқали реал вазиятларга тайёр бўлиб боради. Умуман, ўқув дастури ҳам фавқулодда вазиятлар бўлимлари кун тартибига мослаб тайёрланган. Яқин ҳудудда фавқулодда вазият содир бўлса, унга тингловчиларимиз ҳам жалб қилиниши мумкин. Мақсадимиз, улар марказни қутқарувчилик касби ва ҳаётига тўлиқ тайёр ҳолда тарк этсин.
Марказда бошланғич тайёргарликдан ўтаётганлар икки ой, малака ошириш тайёргарлигидан ўтаётган тингловчилар эса бир ой ўқитилади. Ҳар йили унда 2 минг нафардан ортиқ қутқарувчи тайёрланади.
Марказни кўздан кечириш давомида хизматчиларни руҳан чиниқтиришга мўлжалланган руҳий тўсиқ йўлаклари, ёпиқ ўқ отиш биноси, ўқув ёнғин хавфсизлик қисми, очиқ ва ёпиқ спорт майдончаларида олиб борилаётган машғулотларни кузатдик. Ҳатто ўзимиз ҳам уларда иштирок этиб, қутқарувчилик касбининг машаққатини ҳис қилиб кўрдик. Мисол учун, тоғ шароитида қутқарув ишларини олиб бориш машғулотларида тингловчилар скаладромга бир неча сонияларда чиқиб кетишига кўзимиз ўрганган. Бу осон иш деб ўйлаймиз. Аммо бир неча урунишдан кейин унга зарур тайёргарликсиз чиқиш имконсиз эканлигини англадик.
— Қутқарувчи истаса-истамаса иш фаолиятида турли руҳий таъсирларга учрайди, - дейди марказ бошлиғининг биринчи ўринбосари Азиз Очилов. – Инсонларнинг ҳалок бўлиши билан боғлиқ, оддий инсон тафаккури кўтара олмайдиган вазиятлар бўлади. Биз тингловчиларни шундай ҳолатларга тайёрлашга, уларни ҳам жисмонан, ҳам руҳан чиниқтиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Бунинг учун махсус ўқув курслари ва мутахассислар бор. Қутқарувчилик фаолиятида руҳий босим бир муаммо бўлса, фуқароларнинг қутқарув ишига аралашиши ва халақит бериши иккинчи муаммо ҳисобланади. Шу билан боғлиқ оғир оқибатли ҳолатлар йўқ эмас.
Таъкидланганидек, қутқарувчининг асосий вазифаси инсонларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш. Иккинчи вазифа — офат ҳудуди кенгайишига йўл қўймаслик. Айтайлик, ёнғин содир бўлганида, улар биринчи навбатда ўтни ўраб олиш чорасини кўради. Бу вазиятда эса айрим фуқаролар уларни ўтни ўчирмаётганликда айблаб, фаолияти халақит беради. Марказ тингловчилари шундай вазиятларда қандай йўл тутиш ва фуқароларни тўғри бошқариш бўйича ҳам билим ва кўникмаларга эга бўлишмоқда.
Асқар БАРОТОВ.