Радиоактив ва махсус ядровий материалларнинг чегараларимиз орқали кириб келишининг олдини олишда божхона органларининг хизмати беқиёс
Божхона органлари чет давлатдан Ўзбекистонга божхона чегараси орқали олиб кириладиган, олиб чиқиладиган ва унинг ҳудудидан транзит тарзида ҳаракатланадиган барча товарларнинг назорати ҳамда радиация хавфсизлиги учун жавобгар бўлган органлардан бири ҳисобланади.
Радиоактив материалларнинг божхона назорати аҳоли ва давлатнинг сиёсий, экологик, радиациявий хавфсизлигини таьминлаш ва ядровий қуролларнинг тарқатилмаслиги учун муҳим ахамиятга эга. Мамлакатимизда бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 октябрдаги “Радиациявий аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш ва ҳаракат қилиш ягона давлат тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан божхона органларига бир қанча вазифалар белгилаб берилди. Хусусан:
- радиоактив материалларни республика ҳудудига олиб кириш, ҳудудидан олиб чиқиш ва ҳудуди орқали транзит қилиш бўйича радиациявий назоратни амалга ошириш;
- ягона давлат тизимининг кундалик бошқарув органларини таркибида белгиланган нормалардан ортиқ радионуклидлар бўлган материалларни республика ҳудудига рухсатсиз олиб кириш, олиб чиқишга уриниш ҳолатлари аниқланганлиги ҳақида хабардор қилиш ҳамда уларнинг олиб кирилиши, олиб чиқилишига йўл қўймаслик, шунингдек, уларни жўнатувчига қайтариш тартиботларининг белгиланган тартибда амалга оширилиши;
- аниқланган рухсатсиз ионлаштирувчи нурланиш манбаларининг дастлабки радиометриясини ва идентификациясини ўтказиш;
- аниқланган рухсатсиз ионлаштирувчи нурланиш манбаларини бирламчи идентификациядан ўтказиш ва олиб чиқиш ишлари якунлангунига қадар уларнинг сақланишини таъминлаш;
- идоравий мансуб объектларда аниқланган рухсатсиз ионлаштирувчи нурланиш манбаларини идентификациядан ўтказиш ва зарарсизлантириш тадбирларига ҳар томонлама кўмаклашиш;
- хорижий давлатларнинг радиациявий ва ядровий материалларнинг ноқонуний айланмасини ҳамда у билан боғлиқ турли радиациявий авариялар ва инцидентларнинг олдини олиш соҳасидаги илғор тажрибаларини ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш ҳамда янада такомиллаштириш бўйича хулоса ва таклифлар беришдан иборат.
Радиоактив материаллар ўз-ўзидан юқори хавфли товарлар тоифасига киради. Шунинг учун уларнинг ички ва ташқи кўриниши, ҳаракати ва ташиш шароитларига риоя қилиниши устидан назорат олиб бориш зарур ҳисобланади.
Япониядаги Фокусима авариясидан кейин радиоактив автомашиналарни Россияга олиб киришга уринишлар аниқланган бўлса, Францияга радиоактив лифтларни олиб кириш ҳолати аниқланган. Бундай турдаги товарларнинг юзага келишига турли сабаблар мавжуд.
Хўш, қандай қилиб бу турдаги товарлар юзага келади? Табиий офатлар, авариялар билан бир қаторда, металлни қайта ишлаш вақтида радиоактив чиқиндиларнинг аралашиб кетиши оқибатида юзага келади.
Радиациявий материаллар у билан ишлаётган ходимлар ҳамда бутун аҳоли саломатлиги ва хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин. Бундан ташқари, радиоактив материалларнинг тарқалиб кетиши оқибатларини бартараф этиш жиддий иқтисодий зиён етказиши мумкин.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан республикамизга радиоактив материалларнинг ноқонуний кириб келишини олдини олиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, барча чегара божхона постларида уч турдаги: йўловчилар учун, автомобиллар учун, темирйўл вагонлари учун радиацион назорат қурилмалари билан жиҳозланган.
Бу эса албатта, амалиётда ўзининг ижобий самарасини берган. Жумладан, 2001 йилда “Ғишткўприк” чегара божхона постида радиоактив материаллар билан боғлиқ қонунбузарлик божхона ходимининг шахсий ҳимоя воситаси ҳисобланган радиацион пейджер қурилмаси ёрдамида аниқланган эди. Ушбу ҳолат республикамиз чегараларида техник воситаларни ўз ичига олувчи ҳимоя чизиғини яратишга ёрдам берди ҳамда радиацион назорат соҳасида жиддий чора ва тадбирларни амалга оширишга туртки бўлди.
Радиоактив материаллар ва махсус ядровий материалларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш жаҳон ҳамжамияти олдидаги муҳим масалалардан бири бўлиб турибди. Бугунги кунда радиацион назорат соҳасидаги халқаро ҳамкорлик кучаймоқда. Радиоактив ва махсус ядровий материалларнинг божхона чегараси орқали кириб келишининг олдини олишда божхона ходимларининг ўрни алоҳида аҳамиятга эга.
Божхона чегараларида ўрнатилган, махсус жиҳозланган радиацион портал маниторлари радиоактив материалларнинг мамлакат ҳудудига кириши, ҳудуддан олиб чиқиш ва транзит қилиш орқали ноқонуний ташилишининг олдини олувчи биринчи восита сифатида хизмат қилмоқда.
Мехрож ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Давлат божхона қўмитасининг божхона институти курсанти.