Раҳбарларнинг узлуксиз малака ошириши фаолият самарадорлигини таъминлайди

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 8 август куни имзоланган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасида ҳар бир давлат фуқаролик хизматчиси ўзининг касбий компетенциясини мунтазам равишда ошириб бориши шартлиги белгилаб қўйилди. Демак, давлат фуқаролик хизматчиси фаолияти давомида ўз устида тинимсиз ишлаб, узлуксиз малака ошириб бориши унинг давлат хизматидаги мажбуриятларидан бири сифатида юклатилди. 

Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 13 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида малака оширадиган бошқарув кадрларининг лавозимлари таркибини тасдиқлаш тўғрисида”ги 537-сон Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси ва унинг ҳудудий филиалларида 2023-2024 ўқув йилида давлат гранти асосида малака ошириш курсларига юбориладиган бошқарув кадрларининг лавозимлари таркиби тасдиқланди.

Ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган талабларни амалга ошириш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси ва унинг ҳудудий филиалларида давлат хизматчилари учун малака ошириш курслари ташкил этилмоқда. 

Жорий йилнинг сентябрь-ноябрь ойлари давомида академиянинг Самарқанд ҳудудий филиалида Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятидаги давлат органлари ва ташкилотларидан жами 437 нафар Инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш бўлими раҳбар ва ходимлари кадрлар соҳасида малакасини оширди. 

Ноябрь ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб академия филиалида бошқарма ва идораларнинг ўрта ва қуйи бўғин раҳбар кадрлари учун малака ошириш курслари ташкил этилмоқда. Ушбу курслар кейинги йилнинг июнь ойигача давом этиб, 3 та ҳудуддан жами 500 нафардан зиёд раҳбар кадрларни ўқитиш режалаштирилган.

Ушбу малака ошириш курслари 60 соатга мўлжалланган бўлиб, ҳудуд даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларда фаолият юритиб келаётган раҳбарларнинг билим, малака ва кўникмасини ривожлантиришга хизмат қилади. 

Малака ошириш курси давомида раҳбарларга «Ўзбекистон – 2030» стратегияси: мақсадлар ва кутилаётган натижалар, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти, давлат хизматида коррупцияга қарши курашиш ва “Ҳалоллик вакцинаси”, замонавий менежмент усуллари каби мавзуларда маъруза, семинар ҳамда вебинарлар ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, тингловчиларнинг соҳа юзасидан амалий билимларини ривожлантириш мақсадида мулоқот, бошқарув кўникмалари, тайм-менежмент, ходимларни мотивациялаш бўйича тренинг машғулотлари ҳам ташкил этилмоқда. Ушбу тренинг машғулотларининг ташкил этилиши илм билан амалиётни бир-бирига интеграция қилиш, тингловчиларнинг ҳам касбий, ҳам шахсий компетенцияларини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади.

Малака ошириш курслари якунида тест синовларидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга сертификатлар тақдим этилиши белгиланган.

Раъно Умарова,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали бош инспектори