Раис бобо. Жониқул Юсупов шу ном билан таниқли бўлган

Ўз даврининг таниқли пахтакори, пастдарғомлик донгдор раис, Меҳнат Қаҳрамони Жониқул Юсупов яшаб ўтганига 35 йилдан ошди. Аммо у кишининг номи нафақат Самарқандда, балки республикамизда ҳамон машҳур, амалга оширган хайрли, эзгу ишлари, одамларга қилган яхшиликлари давраларда тез-тез эсланади.

 Қаҳрамонликка муносиб инсонлар 

Яқинда қишлоғимизда ўтган маъракада ҳам шундай бўлди. Ёши улуғ отахонлардан бири гап бошлади:

- Жониқул ака у ёғи Москва, бу ёғи республика раҳбарияти билан гаплашадиган  жуда катта салоҳиятга эга раис бўлса-да, оддий одамлар билан оддий кишилардек суҳбатлашар, биргаликда ҳар қандай ишни ўзи бош бўлиб бажариб кетаверарди. 1970 йилларнинг боши эди адашмасам. У киши раис бўлган Карл Маркс номли хўжаликни янада кенгайтириш учун дашт ҳудуддаги ерлар ўзлаштирилган бўлиб, бу майдонларга экилган ғўза ниҳоллари бегона ўт билан қопланди. Жониқул ака дарҳол қишлоқларда яшаётган одамлар ва колхоз ишчиларини ўша жойга жалб қилди. Аммо йўл узоқ, колхозда биттагина “бортовой” машина бор, тракторлар катта хўжаликнинг бошқа ишларидан ортмайди. Шунда Жониқул ака машинасини чопиқчиларни далага олиб боришга бериб, ўзи пиёда хўжалик идорасидан 5-6 километр олисда бўлган колхоз фермасига жўнади.

Яхши эслайман, ўшанда қишлоқда қўлига бирор марта кетмон олмаган кишилар ҳам раиснинг машинасига минишга қизиқиб, далага борганди. “Бортовой” ва раиснинг машинаси 4-5 марта одамларни далага элтди. Тушга яқин “бортовой”дан далага қозон-ўчоқ, самовар ва катта новвос, раиснинг машинасидан эса нон ва мева-чевалар туширилди. Шу куни ишчи ва ҳашарчиларга тушликка катта дастурхон ёзилди. Жониқул аканинг ўзи кечга яқин далага келди ва аёллар-у қизларга эртага тонгдан яна чопиққа келишларини тайинлаб, машиналарда уйларига жўнатди. Ўзи кечқурун биз, колхознинг 50-60 чоғли ишчи ва ҳашарчилари билан қолиб, қизғин суҳбат қурди, ҳазил-ҳузул ҳангомалари билан одамларни кулдириб, чарчоғини чиқарди. Эрталаб ҳаммани ишга чорларкан “Далада кесакни ёстиқ қилиб, пашшага таланиб ётишнинг ҳам ўзига яраша гашти бор-да, азаматлар”, деганди.

Жониқул акадек фидойи раиснинг бу гапи ҳали-ҳануз қулоғим остида жаранглайди. Қанийди, бугун ҳам шундай  самимий инсонлар бўлса...

Давранинг тўрида ўтирган иккинчи отахон суҳбатни давом эттирди:

- Самарқанд область партия қўмитасини биринчи котиби Владимир Қодиров ҳақида эшитган чиқарсилар. У киши ҳақгўй ва талабчан раҳбар эди. Обком бўлиб иш бошлаган дастлабки пайтларда ёнидагилар Жониқул Юсупов ҳақида турли бўҳтон гапларни айтибди. Қодиров тушга яқин хўжаликка борар экан, бу ҳақда на вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, на туман партия қўмитасига хабар қилган. Мақсади - Жониқул Юсупов ва айрим бригада бошлиқларининг нима иш билан машғул эканликларини ҳеч кимга билдирмай билиб олиш  ва  шунга қараб хулоса қилиш бўлган.

Идорага келса, раис йўқ. «Бирор жойда дам олиб ётгандир», деган фикрда жаҳл билан хўжалик даласига йўл олибди. Узоқдан  «Виллис УАЗ»ни кўриб, шофёрига ўша томонга ҳайдашни буюрибди. Борса, Жониқул ака сувчи билан бирга енгини шимариб, катта ариққа банд ташлаётган, ҳайдовчиси эса ариқ сувини тўсиш учун олдинроққа «Виллис»ни захира баллонини ташлаб турган экан. Владимир Қодиров валламат раиснинг бундай иш қилишини кутмаганлигини сездирмасдан у кишига:

- Яна бир сувчини чақирсангиз бўлмайдими, - дебди.

- Бошқа сувчининг ўз иши бор-да, Владимир Николаевич. Қолаверса, улар келгунча бир ариқ сув бошқа пайкаллардаги жўякларни ҳам уриб кетади, - деб жавоб берибди.

Сўнгра вилоят раҳбари раисга «Бойтўра Кўмаков деган қаҳрамон бригада бошлиғингиз бор экан. Юринг-чи, шу бригададаги ишлар билан ҳам танишайлик», дебди. Жониқул ака «Бажонидил» деб, у кишини ўша бригадага бошлабди. Боришса, айни кун қизиган пайтда икки киши тележкадан қопланган минерал ўғитни тушираётган экан. «Нега бу бечораларни тушлик пайтида, шундай иссикда ишлатяпсизлар? Бригада бошлиғининг ўзи қани?», дебди В.Қодиров жаҳл билан. Жониқул ака «Бойтўра, ишингни қўйиб, бу ёққа кел. Вилоят раҳбари сен билан танишмоқчи», дея уни ёнига чорлабди. У келгач, В.Қодиров ишлаётган ҳалиги кишилардан бири илғор бригада бошлиғи Бойтўра Кўмаков эканлигини билгач, бригада етакчисининг ўзи «дори» тушираётганига ҳайрон қолиб «Ёнингиздаги ким?» дея сўрабди, холос. Бойтўра ака «Табелчим, туш пайти ишчилар дам олиши керак. Шунинг учун табелчим билан шуни тушириб қўяқолайлик, дея ҳаракат қилиб ётгандик», дебди.

Сўнг вилоят раҳбари Жониқул акани четга тортиб, «Ҳа, қаҳрамонликка муносиб одам экан, сизга ҳам, бригадирингизга ҳам совғам бор», дебди. Шундан уч кун ўтмай В.Қодиров Бойтўра акага енгил автомобиль,Жониқул аканинг илтимоси билан хўжалигига янги культиватор совға қилган экан.

Жониқул Юсупов ана шундай камтар, ишчан, серҳаракат, шижоатли  инсон эди. Шу туфайли ҳам у киши эл  юртимиз  аҳли ҳурматини қозонган.

 Ёш раиснинг шижоати

Яқинда таҳририятимизга Жониқул Юсуповнинг набираси, вилоятимиздаги йирик идоралардан бирида масъул лавозимда ишлаётган Абдумалик Юсупов келиб, бобоси ҳаёти ва фаолияти, эзгу амалларига оид  маълумотлар, суратларни келтирди.

- Ўзим ҳам кўп давраларда бўлганимда одамларнинг бобом Жониқул Юсуповни ибратли ҳаёти, иш фаолияти давомида қилган яхшиликлари, хайрли ишларини айтиб, ҳурмат ва эҳтиром билан хотирлаганларига гувоҳ бўлиб, кўнглим тоғдек ўсади, шундай инсоннинг набираси бўлганимдан фахрланаман,  - дейди Абдумалик ака.

- Жониқул Юсупов 1918 йил 2 май куни Паст Дарғом туманининг Зормон қишлоғида туғилди. Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, акаси Примқул Юсупов иккаласи бир вақтда тенгқурлари қатори кўнгилли бўлиб  фронтга отланган. Фашистларга қарши мардонавор жанг қилган. Урушда акаси бедарак кетган, ўзи эса урушдан қайтгач, тумандаги  «Қизил меҳнат» номли  жамоа хўжалигида оддий ишчи бўлиб ишлаган. Шижоатлилиги, ташкилотчилиги ва  ташаббускорлиги билан жамоадошларининг эътиборига тушган Жониқул Юсуповни 1947 йилда хўжаликка раис этиб сайлашади. Уруш олис қишлоқларда ҳам ўз асоратини қолдирган, оғир машаққатли меҳнат кекса-ю ёш болалар зиммасида қолган, хўжалик иқтисодиёти жуда пасайиб кетганди. Техника етишмас, от-улов, ҳўкиз-омоч билан деҳқончилик қилиш осон бўлмаган. Лекин бобом хўжалик аъзоларини яхши кунлар келишига, улар аҳиллик билан ишласалар кўп муваффақиятларга эришишга қодирлигига ишонтиради. Майда-майда ер майдонлари кенгайтирилади. Янги қўриқлар очилади. Натижада пахта ҳосилдорлиги ортиб, одамларнинг турмуш шароити яхшилана бошлайди.

1960 йилларда Паст Дарғом туманидаги паст рентабелли майда хўжаликлар бирлаштирилиб, йирик Карл Маркс номли хўжалик ташкил этилади ва унга Жониқул Юсуповни раис этиб сайлашади. Хўжалик экин майдони 2 минг гектардан ошади. Йирик чорвачилик  ва паррандачилик фермалари вужудга келади, қудратли  ҳамда кўп сонли техника парки яратилади.

 

Бир хўжаликдан чиққан олти қаҳрамоннинг сардори

- Қайга борсам бошда дўппим, ғоз юрарман гердайиб,

Олам узра номи кетган Ўзбекистон, ўзбегим.

Севимли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг ушбу сатрларини Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев маромига етказиб хониш қилганида Жониқул ака Юсупов кўз олдимда гавдаланади, - дейди меҳнат фахрийси, “Дўстлик” ордени соҳиби Абдушукур Муҳаммадқулов. - Гелифе шимда, хиром этик кийиб, бошда дўппи билан катта-катта анжуманларда ўзбеклигини билдириб, ўзбекона урф-одатлар, ўзбекона андиша-ю, ўзбекона лутф, ғурур билан юрганлигини кўрганман.

Жониқул ака Паст Дарғомнинг бўз-дашт ерларини ўзлаштириб, пахтачиликни ривожлантиришга, пахтадан мўл ҳосил олишда нафақат Ўзбекистонда, балки собиқ совет иттифоқида кўзга кўриниб, кўплаб давлат мукофотлари, эътирофларга сазовор бўлганлигини кекса авлод вакиллари яхши билади. У киши 45 йилдан зиёд битта хўжаликда моҳир раҳбар - колхоз правлениясининг раиси лавозимида ишлади. Раҳбарлик сир-асрорларини миридан сиригача ўзлаштирган, ўзи каби деҳқончиликнинг билимдонлари - Бойтўра Кўмаков, Ҳамро Эргашев, Мели Қўчқоров каби бригада бошлиқларини бирлаштира олган инсон эди.

Жониқул ака ўша даврнинг йирик давлат арбоби ҳам эди. Уч марта СССР Олий Советига, тўрт марта Ўзбекистон ССР  Олий Советига депутат бўлиб сайланиб (халқ вакили), Москва шаҳрининг Кремль саройида ва Тошкентдаги съездларда иштирок этиб, халқ номидан кўплаб муаммоларни ҳал қилган.

1977-1988 йилларда мен область партия комитетининг қишлоқ хўжалик масалалари бўйича секретари-котиби вазифасида ишлардим. Шу сабабли Жониқул ака билан иш жараёнида кўп маротаба учрашганман. Оиласини яхши билганман. У кишининг турмуш ўртоғи Хайринисо Юсупова ҳам илғор бригада бошлиғи бўлиб ишлаб, давлатимизнинг қатор орден ва медаллари соҳиби  сифатида эътироф  этилган.

Жониқул ака дўстлари ва хўжалик аъзоларига бўлган садоқати, заковат ва фаросат соҳиби бўлганлиги эвазига республика раҳбарларининг алоҳида эътиборига тушган эди. Масалан, Ўзбекистонимиз ва ўзбек халқига қарийб чорак аср сидқидилдан етакчи бўлган Шароф Рашидов Самарқандга ташрифи чоғида, албатта, Жониқул аканинг хўжалигига борар, у ердаги ишлар билан танишиб, ўз маслаҳатларини бериб кетарди.

Жониқул Юсупов 1988 йил 28 январда, 70 ёшида вафот этган бўлса-да халқ орасида ҳали-ҳануз «Раис бобо» деган ном билан ҳурмат ва эҳтиром ила ёдга олинади. У кишининг  барчага ибратли, мазмунли ҳаёт йўли ва меҳнат фаолияти ўша давр ва ҳозирги замон ёшларига ҳам манзур бўладиган ибрат мактаби, десак муболаға бўлмайди.

 Пахтачиликда «Жониқул Юсупов мактаби»ни яратди

- Жониқул ака, аввало, одамларнинг руҳиятини чуқур билар, уларга ғамхўрлик кўрсатар, жамоа аъзоларини барча бунёдкорлик ишларига моҳирлик билан отлантирарди, - дея хотирлайди меҳнат фахрийси Саидхон Азимов. - Шунинг учун ҳам жамоа хўжалиги собиқ иттифоқда донг таратганди. Хўжаликда 1960-1970 йилларда пахта етиштириш 13 минг тоннагача етган, ҳар гектар ердан 70 центнергача ҳосил олинганди.

Муҳими, “раис бобо” нафақат Паст Дарғом ёки Самарқанднинг, балки бутун мамлакатнинг фахри, ғурури эди. Шу боис ҳам Москвадан “Гдлян” ва “Иванов” бошлиқ «десантчи»лар тўдаси «пахта иши» баҳонасида республикамизга «бостириб» келиб, бегуноҳ одамлар шаънига туҳмат тошлари ёғдириб, “қама-қама” бошланганида, гарчи Жониқул ака Москвада даволанаётган бўлса-да, бирор кишининг ноҳақ, асоссиз айбланишига йўл қўймаганди.

Шароф Рашидов Жониқул ака билан жуда қадрдон бўлган. Самарқандга келди дегунча, албатта хўжаликка ташриф буюрар, деҳқончиликни ривожлантириш бўйича маслаҳат, йўл-йўриқ бериб кетарди. Эсимда, бир гал келганида хўжалик ичидан ўтадиган “Самарқанди – Каттақўрғон” йўлининг хўжалик чегарасида сув чиқмайдиган қақроқ дашт ерда боғ барпо этишни маслаҳат берганди. Кўп ўтмай 30 гектарлик боғ барпо этилди, сув чиқарилиб, шинам дам олиш оромгоҳи қурилди.

У киши ғўза ниҳолларини ўз фарзандидек ардоқлар, бошқалардан ҳам шуни талаб қиларди «Ерни, етиштираётган экинингни жон-дилдан севиб ардоқламасанг, улар сенга ҳеч нима бермайди. Номигагина, қўл учида меҳнат қилиб, ўзингни ҳам, ерни ҳам алдама, унинг ҳам жони бор, алдаганингни ҳис қилиб туради», дерди. Шунга амалга қилгани боис пахтачилик соҳасида «Уста деҳқон-пахтакор Жониқул Юсупов мактаби»ни яратиб кетди.

Шундай хизматлари учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор унвонини олган Жониқул Юсупов катта бир авлод пахта усталарини ҳам тарбиялаганди. Улардан Бойтўра Кўмаков, Ҳамро Эргашев, Мели Қўчқоров, урушдан бир оёғини йўқотиб ногирон бўлиб қайтган моҳир механизатор Қурбон Орзиқулов Меҳнат Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди. Расул Фармонов, Марди Йўлдошев, Ҳайит Салимов каби пахтакорлар эл назарига тушди. Нарзиқул Эшонқулов, Мухтор Сатторов, Мансур Абдураимов, Тифли Бобоноров, Собир Абдураимов, Неъмат Нортоев, Нормурод Омонов, Раҳматулла Шодиев, Улуғмурод Эрназаров, Абдували Мустанов ва бошқа кўплаб кадрлари  етук раҳбарлар бўлиб етишди.

 Ака-ука бўлиб ишлашганмиз

- 1986 йилда мени Гўзалкент туманига биринчи раҳбар этиб тайинлашди, - деб эслайди меҳнат фахрийси Мансур Абдураимов. - Янги ишга ўрганиб кетишим қийин бўлмади. Жониқул ака унча-мунча райком котибларига ўз таъсирини ўтказишини аввалдан эшитганман. Менга эса, шу ерлик бўлганим учунми ундай қилмади. Аксинча, билмаган нарсаларим, одамларим ҳақида тушунчалар, маслаҳатлар бериб ёрдам қилди.

Туманимиз ҳудудида қадимий «Ошиқ ота» зиёратгоҳи бор. Ўша йиллар атеизмнинг жуда кучайган пайтлари эмасми, зиёратгоҳ ва ёнидаги қабристонни бузиш ҳақида кўрсатма олдим. Марказий Комитетдан Медведев дегани келиб, бу борада қилинаётган ишлар билан қизиқди. Зиёратгоҳни сақлаб қолишим керак эди. Шунинг учун Жониқул акага қўнғироқ қилдим. У киши юқоридан келган вакил билан учрашиб, нима деди, қандай тушунтирди, билмадим. Ҳар ҳолда зиёратгоҳ ва қабристон бузилмай қолди. Чунки Жониқул акани Москвадаги “казо-казо”лар ҳам яхши билар ва кези келганда у кишини   фикрлари билан  ҳисоблашар эди.

***

Жониқул Юсупов бош бўлган хўжалик ҳамда 85-мактаб узоқ йиллар у кишининг номи билан атаб келинди. Мактаб ҳовлиси ва ҳозирда касб-ҳунар коллежи бўлган собиқ хўжалик идорасида бюсти ўрнатилган. Хўжалик марказида «Жониқул Юсупов музей» ташкил этилган. Бу ерда Меҳнат Қаҳрамонлари, хўжалик фахрийларининг ибратли ҳаёти ва меҳнат фаолиятлари билан боғлиқ экспонатлар сақланади. Жамоатчилик вакиллари, яқинлари, талаба ва ўқувчилар, ёру дўстларининг фарзандлари бу ерга келиб, хотира тадбирларини ўтказиб туришади.

Жониқул Юсуповни ҳаёти ва меҳнат фаолияти ҳақида батафсил ёзаман, десангиз катта бир китоб бўлади. Биз мақоламизда бу инсон билан боғлиқ айрим хотираларни қоғозга туширдик, холос. Аслида Жониқул бобо Юсупов  ибратли ҳаётини, умрини эзгуликка, хайрли ишларга бахшида этган инсонки, шунинг учун у кишининг ёди, эзгу ишлари эл тилидан, дилидан тушмайди.

Акрам ҲАЙДАРОВ.