Рамазонда супермаркет эҳсон қутисига 50 минг АҚШ доллари ташлаб кетилди

Тошкентда “Korzinka.uz” супермаркети эҳсон қутисига 50 минг АҚШ доллари пул ташлаб кетилди. Бу ҳақда супермаркет тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов телеграм саҳифасида маълум қилди:
"Бугун бизда ажойиб ҳодиса рўй берди.
Тармоғимизнинг барча шўъбаларида эҳсон қутилари ўрнатилган. Уларга сахий харидорларимиз асосан кайтимга олинган пулларини хайрия ниятида ташлаб кетишади.
Корхонамизда ушбу қутиларга тушган барча маблағлар "Эзгу амал" хайрия жамғармаси ҳисобига йўналтирилади. Бу жамғарма саратон касалига йўлиққан болакайларга ёрдам беришга иҳтисослашган.
Қутилар тўлганида корхонамиз ходимлари ва мутасаддилари, жамғарма ҳамда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда қутиларни очиб, ичидаги пулларни санаб, жамғарма ҳисоб рақамига топширишади.
Бугун навбатдаги қути очилиб, пуллар саналиб, тахлаётганимизда, қутидан ўндан ортиқ оқ конверт чиқди. Уларни очиб қарасак, конвертлар ичидан жами 50,000$ пул бор экан.
Оғир касалга чалинган болакайларга Рамазон ойининг табаррук кунларида шундай гўзал эҳсон қилган номаълум инсон амали эзгулик, олижаноблик ва муқаддас Рамазон ойи хислатларига бўлган ишончимизни янада орттирди.
Жамғармага пуллар ўгирилиб жами 564 120 000 сўм юборилди", деб ёзган тадбиркор.