Регистон мадрасаларидаги деворларда қандай мисралар битилган?
Самарқанд шаҳрига келган киши албатта, Регистон майдонини кўрмай кетмайди. Мирзо Улуғбек, Тиллакори, Шердор мадрасалари нафақат ташқи кўриниши, балки деворларидаги араб имлосида ёзилган нақшинкор битиклари билан ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортади. Уларда инсонни илмга, эзгуликка чорловчи Қуръони карим оятлари ва ҳадислар ҳам битилган.
Мадрасаларнинг пештоқи, минораларнинг юқори қисмидаги нақшларда оқ рангли сулс хатидан фойдаланилган.
Миноранинг пастки қисмида «Куфи» хатининг геометрик шаклида Аллоҳнинг улуғлигини эслатувчи тасбеҳлар ёзилган. «Боқий қолиш фақат Аллоҳга хосдир», деган сўз кўп такрор қилинган. «Ё ҳаё – ё қаюм», бу жойда Аллоҳнинг икки сифати бўйича маълумот бериляпти - «Аллоҳ тирик ва қаюмдур» (абадий).
Улуғбек мадрасасида жойлашган ҳужра эшигининг устки безагида Пайғамбаримизнинг «Илм дунёда иззатдир, охиратда шарофатдир», деган ҳикматли сўзлари ёзилган.
Шердор мадрасасининг ўнг томондаги кириш эшиги устки лавҳасида Қуръони карим сураларининг биринчи нозил бўлган ояти - «Қолу Аллоҳу таоло», яъни «Аллоҳ айтади» деб битилган.
Аслиддин САФАРОВ.