Регистон мажмуасига 2022 йилда 1 миллиондан ортиқ турист келди
Самарқанд шаҳридаги "Регистон" ансамблига 2022 йилда 1 027 951 нафар маҳаллий ва хорижий туристлар ташриф буюрди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, 2022 йилда "Регистон" ансамблини такомиллаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, йил давомида олиб борилган реставрация ва консервация ишларида топилган ноёб тарихий ашёлар Тиллакори мадрасасидаги "Самарқанд тарихий суратларда" номли экспозициядан ўрин олган.
Шунингдек, Шердор мадрасасидаги "Суратларда акс этган тарих" экспозициясидан ўрин олган «Мударрис ва талабалар» композициясидаги ҳайкаллар мумдан ясалган реалистик ҳайкаллар билан алмаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти директори, академик Шуҳрат Эгамбердиев томонидан вақтинчалик ўрнатилган қуёш соати жорий йилнинг январь ойида темир материалдан ясалган соат билан алмаштирилиб, махсус мармар устунга ўрнатилган.
Улуғбек мадрасаси шимолий кўча фасадларининг 75,0 метр квадрат қисми, Шердор мадрасаси жанубий кўча фасадларининг 60,0 метр квадрат қисми, Шердор мадрасасининг ички ҳовли қисмидаги тимпан ва панноларнинг 60 метр квадрат қисми, Тиллакори мадрасасининг ички ҳовли қисмидаги тимпан ва панноларнинг 25 метр квадрат қисми реставрация қилинган.
Маълумот учун: жорий йилнинг 1–8 январь кунлари Регистон мажмуасига жами 17 009 нафар турист келган. Шулардан 11 085 нафари маҳаллий (2 645 нафари болалар) ва 2 979 нафари хорижий (300 нафари болалар) туристлар ҳисобланади.