Самарқандга май ойида қанча хорижлик сайёҳ келгани маълум бўлди
Вилоят туризм ва маданий мерос бошқармасининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг май ойида Самарқандга 91 минг 633 нафар чет эл фуқароси туристик мақсадда келган. Ўтган йил май ойида билан қиёслаганда сайёҳлар сони 4 баравар ошган.
Сайёҳларнинг катта қисми Тожикистон (34,8 минг нафар), Россия (23,8 минг нафар), Қозоғистондан (8,5 минг нафар) келган.
Шунингдек, Туркия (3,3 минг), Германия (2,3 минг), Франция (1,8 минг), АҚШ (1,5 минг)дан ҳам Самарқандни кўриш истагида бўлганларнинг ташрифи кузатилган.
Яқинда ўтказилган матбуот анжуманида вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов вилоятга сайёҳлар ташрифи нафақат сон жиҳатидан, балки сифат жиҳатидан ҳам ўзгариб, уларнинг ҳудудда қолиш кунлари 2,6 кунни ташкил этаётгани, кунлик харажатлари эса 2021 йилдаги 120 АҚШ долларидан 152 АҚШ долларига ўсганини маълум қилганди.
Сайёҳларнинг вилоятда қолиш даврини узайтириш мақсадида жорий йилнинг ўзида 62 та янги туризм йўналиши ташкил этилади.