Самарқандга 7 ойда 2 миллион сайёҳ келди
Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаментининг маълумотларига кўра, бугунги кунда Самарқанд вилоятида 551 туристик объект, 5 минг 823 ўринли 138 та меҳмонхона, 1 минг 45 ўринли 118 та оилавий уй-меҳмонхоналари, 100 га яқин миллий ва европа таомлари тайёрланадиган ресторан, миллий услубдаги чойхоналар ҳамда 164 та туроператорлик субъектлари фаолият юритмоқда.
Шунингдек, 230 та туристик даражадаги автотранспорт воситалари сайёҳларга беминнат хизмат кўрсатмоқда. Соҳани ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар самараси ўлароқ жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида вилоятга жами 2 миллион нафар атрофида турист ташриф буюрган. Шундан 359 минг нафарини дунёнинг 157 мамлакати фуқаролари ташкил этади. Сайёҳлар оқими ўтган йилга нисбатан икки баробарга ошган бўлиб, туризм соҳасида экспорт ҳажми 111,1 миллион АҚШ долларини ташкил қилган.
2018 йилнинг 1 январидан сайёҳларга янада кенг қулайликлар яратиш мақсадида Самарқанд халқаро аэропортида “яшил” ва “қизил” йўлак тизими жорий этилган эди. 2019 йил январь-август ойлари давомида “яшил” йўлак орқали 97,4 фоиз, “қизил” йўлакдан 2,6 фоиз йўловчилар ҳаракатланган.
Янги тизим жорий этилгунга қадар Самарқанд халқаро аэропорти орқали мамлакатимизга кириб келган (1 та рейсда 150-190 киши) туристлар ўз багажларини қабул қилиб, чегара ва божхона назоратидан ўтиш учун ўртача 2 соатгача вақт сарфлаган бўлса, бугунги кунда ушбу жараён ўртача 30-45 дақиқани ташкил этмоқда.